Ўзбекистон ва Озарбайжон президентлари Олий давлатлараро кенгашнинг
учинчи йиғилишида товар айланмасини 1 млрд долларга етказиш имкониятлари
борлигини қайд этди. Учрашув якунлари бўйича етакчилар нефть-газ тармоғи,
уй-жой қурилиши ва бошқа соҳалардаги қўшма лойиҳаларга старт берди.
Кўксарой қароргоҳида
Шавкат Мирзиёев ва Озарбайжон президенти Илҳом Алиев тор доирада учрашув
ҳамда Олий давлатлараро кенгашнинг учинчи йиғилишини ўтказди, дея хабар бермоқда президент
матбуот хизмати.
Давлат раҳбари Озарбайжон президентининг бу галги давлат ташрифи
тарихий воқеа эканини алоҳида таъкидлади. «Саммит якунида Абадий дўстлик
тўғрисидаги шартноманинг имзоланиши бунинг тасдиғи бўлади. Энг муҳими,
стратегик шериклик ва иттифоқчилигимизнинг ҳар бир банди аниқ натижалар
ва амалий ҳаракатларда ўз ифодасини топади», — деди Шавкат Мирзиёев.
Етакчилар икки томонлама
алоқалар жадал ривожланиб бораётганини қайд этди. Парламентлар, ҳукуматлар
ва тармоқлар ўртасида мунтазам мулоқот йўлга қўйилган. Сўнгги беш йилда
ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 3 баробарга ортди. Энергетика, кимё, кончилик,
тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги, шаҳарсозлик ва бошқа йўналишларда кооперация
лойиҳалари амалга оширилмоқда.
Товар айирбошлаш ҳажмини
1 млрд долларга етказиш имкониятлари мавжудлиги қайд этилди. Президентлар аниқ
чора-тадбирларни ўз ичига олган дастур қабул қилинаётгани мазкур муҳим маррага
эришиш учун мустаҳкам замин яратишини таъкидлади.
Бундан ташқари,
етакчилар маданият, таълим, ёшлар сиёсати ва спорт соҳаларидаги фаол
алмашинувларни давом эттиришга келишиб олди.
Тошкентда якшанба куни
Низомий Ганжавий номидаги Миллий педагогика университетининг янги биноси
очилади ва Янги Тошкентда «Озарбайжон» боғи қурилишига стар берилади.
Шунингдек, «Низомий
Ганжавий ва Алишер Навоий ўртасидаги адабий кўприк» номли қўшма фильм яратиш
таклиф этилди.
Кузда Озарбайжонда
етакчи олий ўқув юртлари ректорларининг иккинчи форуми бўлиб ўтади.
2027 йилда Ўзбекистон
ва Озарбайжонда ёшлар ўртасида футбол бўйича Жаҳон чемпионати ўтказилади.
Биргаликдаги спорт, маданий ва ёшлар тадбирларини назарда тутувчи «Икки
мамлакат — бир чемпионат» кенг кўламли дастури ишлаб чиқилади.
Давлат раҳбарлари,
шунингдек, долзарб халқаро ва минтақавий кун тартибини муҳокама қилди.
Йиғилиш якунлари бўйича
эришилган келишувлар бўйича «йўл харитаси» қабул қилинди ҳамда банк-молия
соҳаси, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, таълим, нефть-газ тармоғи, туризм,
уй-жой қурилиши, кон-металургия саноати ва қишлоқ хўжалигида қўшма лойиҳаларга
старт берилди.
gazeta.uz
Сарлавха :
Ижтимоий–сиёсий
24 08 2026 / 11:03