Тошкентнинг Бектемир туманида майдони 58
гектар бўлган Bektemir City мажмуаси қурилади. Инвестициялар ҳажми 1,2 млрд
долларга баҳоланмоқда. У ерда турар жой мажмуаси, хизмат кўрсатиш ва
кўнгилочар объектлар қуриш режалаштирилган. Ер лотларга бўлиниб,
босқичма-босқич онлайн аукционга чиқарилади.
Тошкентнинг Бектемир туманида янги Bektemir City ишбилармонлик марказини ташкил этиш режалаштирилмоқда.
Пойтахт ҳокими Шавкат Умурзоқов 18 август куни тегишли қарорни имзолади.
Ҳужжатга
кўра, лойиҳа ер майдонларидан янада самарали фойдаланиш, инвестицияларни
жалб этиш ва юқори даромадли иш ўринларини яратиш мақсадида ташкил этилмоқда.
У Business City замонавий ишбилармонлик марказларини ривожлантириш
ва пойтахтни комплекс қуриш дастури доирасида амалга оширилади.
Бектемир тумани ҳокимлигининг марказни ташкил этиш бўйича таклифи маъқулланди. Туман
ҳокимлигига лойиҳа ҳудудидаги бино ва иншоотларни хатловдан ўтказиш ҳамда
белгиланган тартибда унинг чегараларини тасдиқлаш топширилди.
Лойиҳа буюртмачиси этиб Тошкент
шаҳри ҳокимлиги ҳузуридаги Olmazor Business City янги тадбиркорлик марказини қуриш ва ундан фойдаланиш дирекцияси белгиланди. У лойиҳани босқичма-босқич
амалга ошириши керак.
Пойтахт ҳокими ўринбосари
ва Бектемир тумани ҳокимлиги билан биргаликда дирекцияга лойиҳа
ҳудудини аниқлаш, мастер-режа ва батафсил режалаштириш лойиҳасини
ишлаб чиқиш топширилди.
Мастер-режа тасдиқлангач,
ер участкаларини лотларга бўлиш ва электрон онлайн аукционларга чиқариш режалаштирилмоқда. Савдолардан тушган
маблағлар ички муҳандислик тармоқлари ва инфратузилмани лойиҳалаштириш
ҳамда қуришга, шунингдек, дирекцияни сақлаб туришга йўналтирилиши керак.
Лойиҳаолди ҳужжатларини тайёрлаш
учун, шунингдек, Тошкент ҳокимининг 2025 йил 2 майдаги қарори билан илгари ажратилган
маблағларнинг тежаб қолинган қисмидан фойдаланишга рухсат берилди.
Майдони — 58 га,
инвестициялар — $1,2 млрд
Bektemir City мажмуасини қуриш Вазирлар Маҳкамасининг 28
февралдаги Тошкент шаҳрини комплекс қуриш тўғрисидаги қарорида назарда тутилган.
Ҳужжат пойтахтни комплекс
ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари доирасида амалга оширилиши режалаштирилган
31 та лойиҳа рўйхатини ўз ичига олади. Уларнинг умумий
қиймати 16,2 миллиард долларга баҳоланмоқда.
Рўйхатга
кўра, Bektemir City майдони 58 гектарни ташкил этади. Лойиҳага турар жой
мажмуаси, хизмат кўрсатиш ва кўнгилочар объектлар қуриш учун қарийб 1,2
миллиард доллар инвестиция йўналтирилиши режалаштирилган.
Ҳоким қарорига илова қилинган
ҳужжатга кўра, лойиҳа иккита асосий ҳудудни қамраб олади.
Биринчиси, Забардаст маҳалласида
Катта ҳалқа йўли — 4Р21 трассаси бўйлаб жойлашган.
Иккинчиси Бектемир шоҳкўчаси бўйлаб Бектемир ва Абай маҳаллаларини қамраб
олади.
Шу билан бирга, ҳокимнинг қарорида лойиҳани якунлаш муддатлари ва бўлажак қурилишнинг
батафсил параметрлари кўрсатилмаган. Улар мастер-режа ва батафсил
режалаштириш лойиҳаси ишлаб чиқилгандан сўнг аниқланиши керак.
gazeta.uz