Loading...
O’zbekcha Русский O’zb Рус

SOCAR, AzerGold, Milla: Озарбайжон компаниялари Ўзбекистонда қандай лойиҳаларни ишга туширмоқда?



Улашинг :


Озарбайжон компаниялари Ўзбекистонда нефть-газ соҳаси, қурилиш ва озиқ-овқат саноатида янги лойиҳалар тайёрламоқда. SOCAR 5 та ёнилғи қуйиш шохобчаси қурилишини бошлади, AzerGold геология-қидирув ва қазиб олиш ишлари билан шуғулланади, Milla Тошкентда сут маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кўриб чиқмоқда.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Озарбайжон президенти Илҳом Алиев 23 август куни Тошкентда онлайн форматда Озарбайжон компаниялари томонидан Ўзбекистонда амалга оширилаётган қатор лойиҳаларнинг очилиш ва тамал тошини қўйиш маросимида иштирок этди. Бу ҳақда Озарбайжон президенти матбуот хизмати хабар берди.

Хусусан, Ўзбекистон банкидаги 51 фоизли улушни сотиб олишни режалаштирган Озарбайжон Халқаро банки (ABB) иштирокидаги Davr Bank лойиҳаси иш бошлади. Май ойида бошқарув раиси Аббас Ибрагимов музокаралар муваффақиятли якунлангани ва битим билан боғлиқ инвестициялар 100 миллион доллардан ошишини маълум қилганди.

Бундан ташқари, Matanat-A компаниясининг гипс заводи ҳамда Landau Education Group томонидан ташкил этилган Landau номидаги иккита STEAM мактаб ишга туширилди.

Шу билан бирга, SOCAR`нинг автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчалари (улар сони 5 та, «Ўзбекнефтгаз» билан ҳамкорликда), Agalarov Development компаниясининг Sea Breeze Uzbekistan турар жой ва дам олиш мажмуаси, TuranAZ компаниясининг Baku City турар жой мажмуаси, Sur Gold and Silver Project доирасидаги таркибида кумуш бўлган рудани қайта ишлаш бўйича бойитиш фабрикаси ҳамда Gold Fresh Fruits интенсив мевали боғлари қурилишига старт берилди.

SOCAR чакана ёнилғи бозорига кириб келади

Озарбайжон иқтисодиёт вазири Микаил Жаббаров Тошкентдаги Ўзбекистон ва Озарбайжоннинг IV Ҳудудлар форумида сўзга чиқиб, SOCAR давлат нефть компанияси Ўзбекистоннинг чакана бозорига киришни режалаштираётганини маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, бозорга кириб келганидан сўнг компания ўз шахсий ёнилғи қуйиш шохобчалари тармоғини яратишга сармоя киритиш ниятида.

Жаббаров, шунингдек, Озарбайжоннинг яна бир давлат компанияси — AzerGold режалари ҳақида ҳам тўхталиб ўтди. У ўзбекистонлик ҳамкорлар билан биргаликда Ўзбекистонда геология-қидирув ҳамда фойдали қазилмаларни қазиб олиш ишлари билан шуғулланишни режалаштирмоқда.

Вазир ушбу лойиҳалар бевосита мамлакат ҳудудларида амалга оширилишини таъкидлади.

Milla Тошкентда сут маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кўриб чиқмоқда

Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов форумда Озарбайжоннинг Milla компанияси Тошкентда сут маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ташкил этишдан манфаатдор эканини маълум қилди.

Лойиҳанинг бошқа тафсилотлари, жумладан, тахминий инвестициялар ҳажми, ишлаб чиқариш қуввати ва ишга тушириш муддатларига аниқлик киритилмади.

Ўзбекистон Фузулийда интенсив боғ яратади

Озарбайжоннинг Gold Fresh Fruit компанияси Наманган вилоятида интенсив мевали боғлар яратиш лойиҳасининг иккинчи босқичига киришмоқда, деди вазир Лазиз Кудратов. Унинг сўзларига кўра, иккинчи босқичда лойиҳа 700 гектарни қамраб олади. Шунингдек, логистика ва совиткич инфратузилмасини яратиш ҳам кўзда тутилган.

Ўзбекистон эса, ўз навбатида, Озарбайжонда қишлоқ хўжалиги лойиҳасини амалга оширишни бошламоқда.

Лазиз Кудратовнинг сўзларига кўра, ўзбекистонлик мутахассислар Фузулий туманида «Дўстлик» интенсив мевали боғини яратишга киришмоқда.

Вазир Сирдарё вилояти ва Фузулий тумани, шунингдек, Қашқадарё вилояти ва Бейлаган тумани боғдорчилик, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш ва тайёр озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича ҳамкорликни ривожлантириши мумкинлигини таъкидлади.

gazeta.uz


Сарлавха :
Иқтисодиёт

26 08 2026 / 16:52