Тошкентда октябрь ойида DP
World компаниясининг 288 млн долларлик мультимодал логистика терминалини
қуришни бошлаш режа қилинмоқда. Компания раҳбарияти тамал тоши қўйиш маросимига
президентни таклиф қилди. «Кўпдан бери тайёргарлик қиляпмиз, биз учун муҳим
ва керакли лойиҳа», — деди Шавкат Мирзиёев.
Тошкент 2026 йил якунларига кўра 9
млрд доллар инвестиция жалб қилишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда пойтахт ҳокими
Шавкат Умурзоқов президент Шавкат Мирзиёев иштирокида янги объектларни ишга
тушириш маросимида маълум қилди.
Шаҳар ҳокимлиги раҳбари, шунингдек,
экспортни 4 млрд долларга етказиш режалари ва саноат зонасидаги янги
лойиҳалар ҳақида гапирди. Алоҳида равишда у DP World логистика лойиҳасини
эълон қилди, унинг раҳбарияти октябрь ойида объектга тамал тоши қўйиш
маросимида иштирок этиш учун президентни таклиф қилди.
Ҳокимнинг сўзларига кўра, объект 120
млн тонна юк ва 150 минг контейнерни қайта ишлашга мўлжалланади.
«Кўпдан бери
тайёргарлик қиляпмиз, у жуда муҳим биз учун, керакли лойиҳа бу», —
деди президент «Ўзбекистон 24» телеканали сюжетида.
Шавкат Умурзоқов Boston Consulting
Group халқаро консалтинг компанияси дунёнинг энг жадал ривожланаётган шаҳарлари
орасида Тошкентни Шэньчжэнь ва Доҳадан кейин учинчи ўринга қўйганини
маълум қилди. У ушбу натижани пойтахтда амалга оширилаётган ислоҳотлар
билан боғлади.
«Агар 2024 йилда Тошкент 2,7 млрд
доллар инвестиция жалб қилган бўлса, 2026 йил учун олдимизга 9 млрд доллар жалб
қилиш режасини қўйдик. Саккиз ой якунлари бўйича 5,6 млрд доллар жалб
қилдик. Экспортни 4 млрд долларга етказишни мақсад қилиб қўйдик», — деди
ҳоким.
Умурзоқовнинг сўзларига кўра, бу
кўрсаткичлар юқори технологияли лойиҳалар ва юқори қўшилган қийматга эга ишлаб
чиқаришларни жалб қилиш билан боғлиқ.
Давлат раҳбари ҳам Тошкент томонидан
эълон қилинган инвестиция режасига эътибор қаратди.
«Қачон шундай
бўлган? Айтиш осон, 9 млрд инвестиция деяпсан. Тошкент шаҳар учун
бу чакана эмас-ку?. Ниятимиз битта — халқимизни рози қилиш, қадрини
кўтариш. Тошкент бундан намуна бўлиши шарт ва намуна бўляпти ҳам», —
деди президент.
3 млрд
долларлик маҳсулот берадиган 14 та лойиҳа
Ҳоким маросимда 14 та лойиҳа
ишга туширилаётганини маълум қилди. Уларнинг тўрттаси саноат, яна иккитаси
туризм соҳасига тегишли.
Унинг сўзларига кўра, тахминан
уч йилдан сўнг, тўлиқ лойиҳа қувватига чиққач, ушбу лойиҳалар йилига 3
млрд долларлик маҳсулот ишлаб чиқариш ва 1,5 млрд долларлик экспортни
таъминлаш имкониятига эга бўлади.
Умурзоқов, шунингдек, президент
томонидан 2024 йил ноябрь ойида очилган саноат зонасида турганини маълум қилди.
«Худо хоҳласа, йил охиригача
бу ерда яна 500 млн долларлик 22 та лойиҳани ишга туширамиз», —
деди ҳоким.
Кейинроқ у илгари «чўл бўлган»
ҳудудда аллақачон 1,2 млрд долларлик лойиҳалар шакллантирилганини қўшимча
қилди. Унинг сўзларига кўра, гап жами 26 та лойиҳа ҳақида бормоқда, улардан
ўнтасини жорий йилда ишга тушириш режалаштирилган.
DP World (Dubai Ports
World) — БААнинг энг йирик дунёвий порт операторлари ва логистика
гигантларидан бири бўлиб, бутун дунё бўйлаб денгиз портлари, терминаллар
ва етказиб бериш занжирларини бошқаради.
DP World Тошкентда қиймати 288
млн доллардан ортиқ бўлган мультимодал логистика терминалини қуришни режалаштирмоқда. Лойиҳани амалга ошириш учун БАА компанияси
пойтахт ҳокимлигига тегишли Tashkent Invest билан биргаликда DP World
Tashkent қўшма корхонасини ташкил этди. Унинг 85% улуши DP World’га, 15% улуши эса
Tashkent Invest’га тегишли бўлади.
Логистика хаби Хитойнинг CAMCE
компанияси бошқарувидаги «Янги авлод» махсус саноат зонасининг қарийб 82 гектар
майдонида жойлашади. У темирйўл қатновига эга қуруқликдаги порт,
божхона инфратузилмаси, «А» синфидаги омборлар, транспорт воситаларини сақлаш
майдончалари ва юкларни ортиб ўтказиш терминалларини ўз ичига олади.
Биринчи босқичда йилига 150 минг TEU қувватга эга темирйўл терминали ҳамда 63
минг кв. м майдондаги омборларни барпо этиш кўзда тутилган. Уни 2026 йил
охири — 2027 йил бошигача якунлаш режалаштирилган эди, бироқ муддатлар
сурилган.
DP World қайд этишича, терминал Марказий Осиё, Яқин Шарқ
ва Европа ўртасида боғловчи бўғинга айланиши керак. Лойиҳа Ўзбекистон
темирйўл тармоғи, асосий автомагистраллар ва Тошкент халқаро аэропортига
тўғридан-тўғри чиқиш имкониятига эга бўлади.
gazeta.uz
Сарлавха :
Иқтисодиёт
27 08 2026 / 12:04