Ўзбекистон
ва ЖАР преференциал савдо тўғрисидаги битим устида иш бошлайди.
Шу билан бирга, мамлакатлар инвестицияларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги
битимни тайёрлаш ва ҳукуматлараро комиссия тузишни режалаштирмоқда. Кузда 50 га
яқин Ўзбекистон компаниялари бизнес миссия билан Йоханнесбургга боради.
Ўзбекистон ва Жанубий Африка
Республикаси преференциал савдо тўғрисидаги битим устида иш бошлашга
келишиб олди. Бу масала 26 август куни Ўзбекистон инвестициялар, саноат
ва савдо вазири Лазиз Кудратов ва ЖАР савдо, саноат ва рақобат
вазири Паркс Тау ўртасида видеоконференция шаклида ўтказилган мулоқотда муҳокама қилинди.
Бундай келишув айрим товар
гуруҳларига божларни камайтириш ёки бекор қилишни назарда тутиши
ва шу орқали ўзаро савдони соддалаштириши мумкин. Ҳозирча айнан қайси
товарларга имтиёзлар берилиши маълум қилинмаган.
Айни вақтда
мамлакатлар ҳукуматлараро комиссия тузиш ҳамда савдо ва инвестицияларни
ҳимоя қилиш соҳасидаги битимларни тайёрлашни режалаштирмоқда. Томонлар,
шунингдек, кимё ва тоғ-кон саноатида қўшма лойиҳалар ва технологиялар
алмашинувини муҳокама
қилди.
Кузда 50 га яқин Ўзбекистон
компаниялари бизнес миссия билан Йоханнесбургга боришни режалаштирмоқда.
У ерда улар учун Жанубий Африка бизнес вакиллари билан учрашувлар ташкил
этилади.
Вазирлар, шунингдек, 2026−2027
йилларда ҳамкорлик қилиш режаларини белгилаб, аниқ лойиҳаларни тайёрлашни давом
эттиришга келишиб олди.
Июль ойида Ўзбекистон элчиси Ашраф
Ходжаев Эфиопия ва ЖАР вакиллари билан визани расмийлаштириш тартибини
соддалаштириш ҳамда визасиз режим жорий этиш истиқболларини муҳокама
қилганди.
Январь−июль ойларида Ўзбекистон
ва ЖАР ўртасидаги ташқи савдо айланмаси 7,5 млн долларни ташкил этди. Бу
ўтган йилнинг шу давридаги кўрсаткичдан (2,3 млн доллар)
уч баравардан кўпроқдир.
gazeta.uz
Сарлавха :
Иқтисодиёт
07 09 2026 / 11:56