Loading...
O’zbekcha Русский O’zb Рус

Президент 2030 йилгача Ўзбекистон иқтисодиёти ҳажмини $300 млрдга етказиш мақсадини қўйди



Улашинг :


Ўзбекистон 2030 йилгача ўз ЯИМини $300 млрдга етказмоқчи, деди президент. 2025 йил охирида бу марра 240 млрд доллардан ортиқ деб белгиланганди. Ҳукумат яқин 10 йилда 450 млрд доллар миқдорида хорижий инвестицияларни жалб этиш ва аҳоли жон бошига ЯИМ ҳажмини 10 минг доллардан оширишни режа қилмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон иқтисодиёти ҳажмини 2030 йилгача $300 млрдга етказиш бўйича янги мақсадни маълум қилди. Бу ҳақда давлат раҳбари 28 август куни Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган тантанали маросимда айтди.

«Келгуси ўн йил биз учун миллий юксалиш даври бўлади. Биз бунга фақат халқимизнинг ақл-заковати, меҳнати ва бирдамлиги орқали эриша оламиз», — деди Шавкат Мирзиёев.

Бунинг учун ҳукумат еттита миллий дастурни амалга оширишни режалаштирмоқда. Уларнинг дастлабки йўналишлари таълим ва кадрлар тайёрлаш, соғлиқни сақлаш, шунингдек, иқтисодиётни меҳнат унумдорлиги юқори бўлган юқори технологияли моделга ўтказишни қамраб олади.

10 йилда 450 млрд доллар инвестиция

Учинчи миллий дастур иқтисодиётга бағишланади. Президентнинг маълум қилишича, Ўзбекистон келгуси ўн йилда 450 млрд доллар хорижий инвестиция жалб қилишни режалаштирмоқда.

Шу билан бирга, президент иқтисодиёт ҳажми бўйича янги мақсадни ҳам белгилади:

«Иқтисодий ўсишнинг юқори суръатларини сақлаб қолган ҳолда, 2030 йилга бориб ялпи ички маҳсулот ҳажми 300 млрд долларга етказилади».

Бу аввалги мақсадга нисбатан сезиларли оширилишдир. Шавкат Мирзиёев 2025 йил 26 декабрда Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида 2030 йилгача ЯИМни 240 млрд доллардан ошириш мумкинлигини айтган эди. Дастлаб «Ўзбекистон — 2030» стратегиясида 160 млрд долларлик мақсад белгиланган. Бироқ президент мамлакат бу кўрсаткичдан 2026 йилнинг ўзидаёқ ошиб кетишини таъкидлаган.

240 млрд долларлик мақсад кейинчалик ҳам сақланиб қолган. 2026 йил июль ойида президент унга эришиш учун иқтисодиёт ҳар йили камида 8−9 фоизга ўсиши кераклигини айтган.

Аҳоли жон бошига ЯИМ $10 мингдан ошади

Президент шунингдек, саноат соҳасида 2 миллионта юқори даромадли иш ўрни яратиш режалаштирилаётганини маълум қилди.

«Ёшларнинг салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш учун стартаплар, венчур молиялаштириш ва сунъий интеллектни ривожлантириш устувор йўналишлардан бири бўлади», — деди у.

Бундан ташқари, кичик бизнеснинг ўрта бизнесга, ўрта корхоналарнинг эса йирик компания ва корпорацияларга айланишига имкон берадиган алоҳида экотизим яратилади.

«Бунинг ҳисобига келгуси ўн йилда аҳоли жон бошига ЯИМ 10 минг доллардан ошади», — деди Шавкат Мирзиёев.

gazeta.uz


Сарлавха :
Иқтисодиёт

07 09 2026 / 14:30