Loading...
O’zbekcha Русский O’zb Рус

Ўзбекистонда кичик ва ўрта бизнес учун «Иккинчи имкон» иқтисодий амнистияси эълон қилинди



Улашинг :


Ўзбекистонда кичик ва ўрта бизнес учун «Иккинчи имконият» иқтисодий амнистияси жорий этилади. 2026 йил охирига қадар солиқ қарзини тўлиқ тўлаган тадбиркорларнинг пенялари ҳисобдан чиқарилади, электр ва газ учун олдиндан тўлов 15 фоизга туширилади, айрим жарималар бекор қилинади.

Президентнинг тадбиркорлар билан VI очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга оширишга қаратилган фармонbда 2026 йил 31 декабргача кичик ва ўрта бизнес учун иқтисодий амнистия жорий этилиши белгиланди.

«Иккинчи имкон» иқтисодий амнистияси

Амнистияга кўра, иқтисодий амнистия эълон қилинмасидан олдин юзага келган солиқ қарзи — пенядан ташқари асосий қарздорлик — 2026 йил 31 декабргача тўлиқ тўланса, ушбу қарз бўйича ҳисобланган пеня ҳисобдан чиқарилади. Шунингдек, мазкур қарздорлик билан боғлиқ ижро ишлари тугатилади.

Бундан ташқари, тадбиркор илгари топширилган солиқ ҳисоботларига мустақил равишда тузатиш киритиб, қўшимча ҳисобланган солиқ суммасини 2026 йил охиригача тўлиқ тўласа, бу сумма учун пеня ҳисобланмайди.

Асосий солиқ қарзи бўйича пеня ва бошқа енгилликлар тадбиркорлик субъектининг 2027 йил 1 январь ҳолатига кўра пенядан ташқари солиқ қарзи мавжуд бўлмаган тақдирда қўлланади.

Шунингдек, тадбиркорлар солиқ ва йиғимларни тўлаш учун тўлов топшириқномасини банкка тақдим этмагани учун маъмурий жавобгарликдан озод қилинади.

Иқтисодий амнистия доирасида йўл қўйилган хатоларни мустақил равишда бартараф этган тадбиркорларнинг Тадбиркорлик субъектларининг барқарорлик рейтингидаги баллари ҳам камайтирилмайди.

2026 йил 1 январгача шаклланган айрим қарздорликлар ҳам ҳисобдан чиқарилади. Жумладан, солиқ ҳисоботини ўз вақтида тақдим этмагани учун қўлланган маъмурий жариманинг тўланмаган қисми ҳамда қатъий белгиланган миқдордаги айланмадан олинадиган солиқни тўловчи субъектларга қўлланган молиявий жарималарнинг тўланмаган қисми бекор қилинади.

Аввал расмийлаштирилган меҳнат шартномаларини Ягона миллий меҳнат тизимига кечиктириб киритишга ҳам рухсат берилади. Бунда шартномани тизимга кечиктириб киритганлик учун жарима қўлланмайди.

Электр ва газ учун олдиндан тўлов камайтирилади

2026 йил 1 ноябрдан бошлаб электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими ҳамда табиий газ назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган тизимига уланган тадбиркорлар учун янги тартиб жорий этилади.

Масофадан туриб ўчириш ва ёқиш имкониятига эга ҳисоблагичлардан фойдаланувчи тадбиркорлар электр ва табиий газнинг ойлик истеъмоли учун 15 фоиз миқдорида олдиндан тўлов қилади (аввал 100 фоиз эди). Бироқ сўнгги икки ой давомида тўлов интизомига риоя қилмаган тадбиркорларга ушбу енгиллик татбиқ этилмайди.

Шунингдек, электр энергияси ва газ сарфи ҳақидаги ёзма ҳисоботларни ҳудудий электр ва газ таъминоти корхоналарига топшириш мажбурияти бекор қилинади.

Электр ва табиий газ билан таъминлаш хизматлари бўйича шартномаларни электрон шаклда тузиш орқали уларни қоғозда расмийлаштириш тартиби ҳам бекор қилинади.

Йирик инвестицияларга инфратузилма харажатлари қоплаб берилади

Қиймати 200 миллиард сўмдан ошадиган инвестиция лойиҳаларида, Қорақалпоғистон ва Хоразмда эса 50 миллиард сўмдан юқори лойиҳаларда ташқи муҳандислик-коммуникация тармоқларини ўз ҳисобидан қурган тадбиркорларнинг харажатлари Давлат бюджети ҳисобидан қоплаб берилади.

Давлат харидларида товар, иш ва хизматлар қабул қилингани солиқ органларининг ахборот тизимидаги маълумотлар асосида тасдиқланади. Шундан сўнг ижрочининг закалат ва қўшимча закалат маблағлари бир иш куни ичида автоматик тарзда қайтарилади.

Тадбиркорлик субъектининг барқарорлик рейтинги даражасидан қатъи назар, солиқ тўловчига тўланган қўшилган қиймат солиғининг бир қисмини қайтариш, шунингдек, солиқ ва божхона имтиёзларини қўллаш имконияти ҳам назарда тутилган.

Меҳмонхона ва умумий овқатланиш хизматларини кўрсатувчи тадбиркорлар томонидан сув ва салқин ичимликлар, пиво ҳамда тамаки маҳсулотлари харид қилинганда, ушбу маҳсулотларнинг рақамли маркировка кодлари мазкур субъектларда якуний истеъмолга реализация қилинган деб эътироф этилади.

Бундан ташқари, товар ва хизматлар учун нақд пулда амалга оширилиши мумкин бўлган тўловларнинг чекланган миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг 400 баравари этиб белгиланади. Фақат қонунчиликка кўра тўловлари фақат нақдсиз шаклда амалга оширилиши белгиланган товар ва хизматлар бундан мустасно.

Иқтисодиёт ва молия вазирлигига Адлия вазирлиги, Бош прокуратура ҳамда Бизнес-омбудсман билан биргаликда уч ой муддатда барча турдаги молиявий ва маъмурий жарималарни тўлиқ хатловдан ўтказиш топширилди.

Шундан сўнг мутаносиблик принципидан келиб чиқиб, жарималар миқдорини ўртача икки баравар камайтириш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси Вазирлар Маҳкамасига киритилади.

Аввалроқ Ўзбекистонда кичик тадбиркорлик субъектларини текширишга уч йилга мораторий жорий этилгани ҳамда бизнес учун «Биринчи хато учун — огоҳлантириш» қоидаси татбиқ қилиниб, қоидани илк бор бузган тадбиркорларга жарима солишдан аввал камчиликни бартараф этиш учун 10 кун берилиши хабар қилинганди.

gazeta.uz


Сарлавха :
Иқтисодиёт

07 09 2026 / 15:04