Loading...
O’zbekcha Русский O’zb Рус

Тадбиркорлар учун «ҳақлилик презумпцияси» жорий этилади



Улашинг :


Ўзбекистонда давлат органлари ва тадбиркорлар ўртасидаги муносабатларда «тадбиркорлик субъектининг ҳақлилик презумпцияси» амал қилади. Шунингдек, тадбиркорларга кредит, лизинг ва кафолатлар бўйича 75 фоизгача кафиллик, интизомли бизнесга 5 млрд сўмгача имтиёзли кредит берилади.

Ўзбекистонда давлат органлари ва тадбиркорлар ўртасидаги муносабатларда «тадбиркорлик субъектининг ҳақлилик презумпцияси» амал қилади. Бу ҳақда Президентнинг тадбиркорлар билан VI очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга оширишга қаратилган фармонида белгиланди.

Янги тартибга кўра, давлат органи аксини исботламагунича тадбиркор қонунчиликка мувофиқ ҳаракат қилган ва ўз мажбуриятларини лозим даражада бажарган ҳисобланади.

Судда ёки низони ҳал қилувчи бошқа маъмурий органда тадбиркорга нисбатан қўлланилган ҳуқуқий таъсир чораси ёки қабул қилинган қарорнинг асосли, қонуний ва мутаносиб эканини, шунингдек, ҳуқуқбузарлик содир этилганини исботлаш мажбурияти тўлиқ давлат органи зиммасига юклатилади.

Қонунчиликда бартараф этиб бўлмайдиган зиддиятлар, ноаниқликлар ва тушунмовчиликлар, шунингдек, давлат органи тақдим этган далилларнинг етарли эмаслиги сабабли юзага келган шубҳалар тадбиркор фойдасига талқин қилинади.

Давлат органлари суд қароридан кейин қарорини 30 кунда қайта кўриб чиқади

Маъмурий суд давлат органига ўз қарорини қайта кўриб чиқиш мажбуриятини юклаган ҳолларда, суднинг ҳуқуқий позицияси давлат органи учун мажбурий бўлади.

Бунда қайта кўриб чиқиш натижасида тадбиркорнинг ҳолати аввалги қарорга нисбатан оғирлаштирилиши мумкин эмас. Давлат органи суд қарори кучга кирган кундан бошлаб 30 кун ичида ўз қарорини қайта кўриб чиқиши шарт.

Белгиланган муддат ўтгандан кейин давлат органига мазкур иш бўйича тадбиркорга нисбатан ҳар қандай ҳуқуқий таъсир чорасини қўллаш тақиқланади.

Тадбиркорларга 75 фоизгача кафиллик берилади

Фармон билан тадбиркорлик субъектларини молиявий қўллаб-қувватлашнинг қўшимча механизмлари ҳам жорий этилмоқда.

Жумладан, «Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси» томонидан тадбиркорларга ажратиладиган кредитлар, банк кафолатлари, аккредитивлар ва лизинг бўйича 75 фоизгача кафиллик тақдим этилади.

Давлат харидларида ижобий иштирок этаётган тадб иркорларга шартномани бажариш ва авансни қайтариш учун 2,5 миллиард сўмгача кафолат, интизомли тадбиркорларга эса 5 миллиард сўмгача имтиёзли кредит ажратилади.

Шунингдек, давлат тасарруфидаги фойдаланилмаётган бино, иншоот ва бошқа активларни сотиб олувчи тадбиркорларга уларни харид қилиш учун 15 миллиард сўмгача хизматлар ипотекаси берилади.

Тадбиркорлик лойиҳалари учун «Бизнес фонд» ташкил этилади

«Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси» муассислигида хусусий инвесторлар маблағларини жалб қилган ҳолда тадбиркорлик лойиҳаларига инвестиция киритувчи «Бизнес фонд» акциядорлик жамияти ташкил этилади.

Шунингдек, микромолия ташкилотларига кредит линиялари бериш ва уларни ривожлантиришга ихтисослашган «Микромолиялаш хизматларини ривожлантириш» масъулияти чекланган жамияти тузилади.

Компания ушбу икки ташкилотни давлат рўйхатидан ўтказиш ва уларнинг устав капиталини шакллантириш чораларини бир ой муддатда кўриши белгиланган.

Эслатиб ўтамиз, ушбу формон билан тадбиркорлар биринчи хато учун огоҳлантирилиши жорий этилди, кичик бизнес текширувлари 3 йилга тўхтатилди. Шунингдек, кичик ва ўрта бизнес учун «Иккинчи имкон» иқтисодий амнистияси эълон қилинди.

gazeta.uz


Сарлавха :
Иқтисодиёт

07 09 2026 / 15:19