Loading...
O’zbekcha Русский O’zb Рус

Ўзбекистонда инвесторлар учун ер сотиб олиш тартиби соддалаштирилади



Улашинг :


Давлат кўчмас мулки харидорлари учун ерни расмийлаштириш соддалаштирилади: объект билан боғлиқ ерга бўлган ҳуқуқ у хусусийлаштирилгунига қадар, ижарани қайта расмийлаштирмасдан сақланиб қолади. Аукциондаги ерлар «тайёр пакет» тамойили асосида тайёрланади.

Ўзбекистонда ер участкаларини аукционда сотишга тайёрлашнинг янги механизми жорий этилмоқда. Бу президентнинг 28 августдаги иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш ва хусусийлаштиришни жадаллаштириш тўғрисидаги фармонида назарда тутилган.

Ҳужжатга кўра, маҳаллий архитектура-шаҳарсозлик кенгашлари томонидан таклиф этиладиган участкаларни «тайёр пакет» тамойили асосида — муҳандислик тармоқларига уланишнинг олдиндан тайёрланган техник шартлари ва қурилишга рухсатнома ҳужжатлари билан бирга шакллантириш режалаштирилмоқда.

Бундай пакетни тайёрлаш харажатлари маҳаллий бюджетлар маблағлари ҳисобидан қопланиши мумкин. Кейинчалик ушбу харажатлар ер участкаси аукционга чиқарилганда унинг бошланғич нархига киритилади.

Бундан ташқари, участкаларни сотиш режалаштирилаётган ҳудудлар учун мастер-планларни олдиндан ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш назарда тутилган. Инвесторларга реализация қилиш учун муайян ер участкалари айнан ушбу мастер-планлар асосида шакллантирилади.

Хусусийлаштирилаётган кўчмас мулк остидаги ер харидорда қолади

Фармон, шунингдек, давлат кўчмас мулкини хусусийлаштиришда ерни расмийлаштириш тартибини ҳам ўзгартиради.

Агар харидор давлат объектини сотиб олса, у билан боғлиқ ер участкасига бўлган ҳуқуқ ернинг ўзи хусусийлаштирилгунига қадар унда сақланиб қолади. Бунда ушбу участкага бўлган ижара ҳуқуқини қайта расмийлаштириш талаб этилмайди.

Уч ойдан ортиқ вақт давомида савдоларда сотилмаган қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган бўш турган ер участкалари учун алоҳида механизм назарда тутилган.

Бундай ҳолларда, эълон қилинган лойиҳа амалга оширилиши шарти билан, участкага бўлган ҳуқуқ инвестор иштирокида ташкил этилаётган хўжалик жамиятининг устав капиталига киритилиши мумкин.

Кейинчалик ушбу компаниядаги давлат улуши ушбу инвесторга сотиб олиш учун таклиф этилиши мумкин.

Тошкент саноат зоналаридаги ерларни хусусийлаштиришга рухсат берилади

Инвестиция ва ижтимоий мажбуриятларини тўлиқ бажарган Тошкент саноат зоналари иштирокчиларига ўзлари эгаллаб турган ер участкаларини, шунингдек, уларда жойлашган бино ва иншоотларни белгиланган тартибда хусусийлаштиришга рухсат этилади.

Давлат банкларига ҳам сотувга қўйилаётган давлат активлари ва ер участкаларини тадбиркорлик лойиҳаларига фаолроқ жалб этиш топширилди.

Бунинг учун «лойиҳалар фабрикаси» ёндашуви қўлланади — банклар потенциал инвесторлар учун ушбу активлар бўйича бизнес-таклифларни тайёрлаш ва илгари суришга кўмаклашиши керак.

Янги механизмлар кенгайтирилган хусусийлаштириш дастурига киритилган бўлиб, унинг доирасида ҳукумат тадбиркорлик ва шаҳарсозлик мақсадлари учун 8000 гектарга яқин ер участкаларини савдога чиқаришни режалаштирмоқда.

gazeta.uz


Сарлавха :
Иқтисодиёт

09 09 2026 / 10:04