Loading...
O’zbekcha Русский O’zb Рус

Ўзбекистон ва Сербия саноат шериклиги ва меҳнат миграцияси бўйича келишувларга эришди



Улашинг :


Белградда Ўзбекистон ва Сербия ўртасида саноат шериклиги ва меҳнат миграцияси бўйича келишувларга эришилди. Томонлар 2026−2028 йилларга мўлжалланган саноатда шерикликни ривожлантириш бўйича қўшма ҳаракатлар режасини ҳам қабул қилди, меҳнат мобиллиги ва миграцияси тўғрисидаги битимни маъқуллади.

Белградда Шавкат Мирзиёев ва Александр Вучич ўртасидаги музокараларда икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, эркин савдо тўғрисидаги битимни ишлаб чиқиш ва саноат кооперациясини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар қилди.

Музокаралар Белграддаги Сербия саройида давлат раҳбарларининг юзма-юз учрашуви ва расмий делегациялар иштирокида бўлиб ўтди.

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон президентининг Белградга илк ташрифи мамлакатлар ўртасидаги муносабатларда янги босқични бошлаб беришини таъкидлади.

Сиёсий мулоқот, парламентлараро алоқалар, савдо-иқтисодий ҳамкорлик, ишбилармонлик ва гуманитар алмашинувлар фаоллашгани қайд этилди. Келгусида дипломатик ваколатхоналар очиш ва парламентлараро форум ташкил этиш режалаштирилмоқда.

Савдо ҳажмини, аввало, талаб юқори бўлган товарлар етказиб беришни кенгайтириш ҳисобига ошириш бўйича келишувларга эришилди. Бунда стандартлаштириш соҳасидаги ҳамкорликни йўлга қўйиш ва ўзаро кўргазмалар ташкил этиш муҳимлиги таъкидланди.

Кеча Ҳукуматлараро комиссиянинг биринчи йиғилиши ўтказилган. 8 сентябрда эса икки мамлакат етакчи компаниялари иштирокида Ўзбекистон-Сербия бизнес форуми бўлиб ўтади.

Келгуси йили Ўзбекистон Белградда ўтказиладиган «EXPO-2027» халқаро кўргазмасида миллий павильони билан иштирок этади.

Транспорт ва логистика, енгил ва озиқ-овқат саноати, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, тиббиёт ҳамда рақамли иқтисодиёт устувор йўналишлар сифатида белгиланди. Автомобиль қисмлари, ускуналар, электр техника ва электроника ишлаб чиқаришда саноат кооперациясини ривожлантириш учун салоҳият юқори экани қайд этилди.

Ҳудудлараро ҳамкорлик доирасида Самарқанд вилояти ва Воеводина, шунингдек, Самарқанд ва Нови-Сад шаҳарлари ўртасида тўғридан-тўғри алоқалар ўрнатилгани олқишланди.

Гуманитар соҳада таълим, маданият, спорт ва туризм йўналишларида ҳамкорликни кенгайтириш, маданият кунлари, кино, театр ва мусиқа фестивалларини биргаликда ўтказиш ҳамда спорт федерациялари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни ривожлантириш бўйича келишиб олинди.

Меҳнат миграцияси масаласига ҳам эътибор қаратилди. Томонлар ташриф доирасида Меҳнат мобиллиги ва миграцияси тўғрисидаги битим қабул қилинганини олқишлади.

Шунингдек, минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик масалалар, жумладан, кўп томонлама тузилмалар доирасидаги ўзаро қўллаб-қувватлаш юзасидан фикр алмашилди.

Томонлар 2026−2028 йилларга мўлжалланган саноатда шерикликни ривожлантириш бўйича қўшма ҳаракатлар режасини ҳам қабул қилди.

Эришилган келишувлар ва қабул қилинган қарорларни амалга ошириш учун кенг қамровли «йўл харитаси» қабул қилинади.

gazeta.uz


Сарлавха :
Ижтимоий–сиёсий

09 09 2026 / 10:26