Loading...
O’zbekcha Русский O’zb Рус

Давлат активларини сотиб олишда бошланғич тўлов 15 фоизгача камайтирилади, бўлиб тўлаш муддати 7 йилгача узайтирилади



Улашинг :


Ўзбекистонда давактивлар ва участкаларни харид қилиш шартлари юмшатилмоқда. Бошланғич тўлов 30%дан 15%гача камайтирилади, қолган суммани фоизсиз тўлаш мумкин. Йирик активлар учун 7 йилгача бўлиб тўлаш ва тўлиқ тўловда чегирмалар кўзда тутилган. Сотилмаган давактивлар нархи 10%гача туширилиши мумкин.

Ўзбекистонда давлат активлари ва ер участкаларини сотишнинг янги шартлари жорий этилмоқда. Янги механизмлар 28 августдаги иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш ва хусусийлаштириш жараёнларини жадаллаштириш тўғрисидаги президент фармонида назарда тутилган.

Ҳужжатга кўра, давлат активлари ва қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган бўш ер участкалари онлайн-аукционлар орқали сотилганда, харидор 30 кун ичида қийматнинг 15 фоизини тўлаши керак (аввал бошланғич тўлов 30 фоизни ташкил этган).

Қолган сумма белгиланган муддатларда фоизлар ҳисобланмаган ҳолда тўланиши мумкин.

Қиймати БҲМнинг камида 20 минг бараварига тенг бўлган активлар учун қўшимча имкониятлар назарда тутилган:

· олти ой ичида тўлиқ тўлов амалга оширилса, харидорга 25 фоиз чегирма берилади;

· агар олти ой ичида қийматнинг 50 фоизи тўланса, қолган сумма етти йил давомида фоизсиз тўланиши мумкин;

· агар уч ой ичида қийматнинг 35 фоизи тўланса, қолган суммани беш йил давомида фоизсиз тўлашга рухсат берилади.

Бундан ташқари, давлат активлари учун тўловнинг камида 50 фоизини тўлаган харидор барча ҳисоб-китоблар якунланишидан олдин ҳам уни реконструкция қилиш, бузиш, қайта қуриш ва таъмирлаш ҳуқуқига эга бўлади.

Фармон очиқ электрон онлайн аукцион ёки биржа савдоларида сотишнинг иложи бўлмаётган активлар учун алоҳида механизмни жорий қилади.

Агар объект уч ой ичида сотилмаса, унинг бошланғич нархи босқичма-босқич 10 фоизга пасайтирилади. Нархни пасайтириш объектнинг бошланғич баланс қийматининг 10 фоизига қадар давом этиши мумкин.

Агар актив икки ой ичида сотилмаса, Давлат активларини бошқариш агентлиги уни алоҳида лотларга бўлиши ёки бир нечта объектни бирлаштириб, уларни қайта савдога чиқариши мумкин.

Такрорий аукционда аризани фақат битта талабгор берган бўлса, у лотни эълон қилинган нархда сотиб олиши мумкин.

Гибрид аукцион

Давлат активларини сотиш учун нархни пасайтириш ва ошириш бўйича савдо элементларини бирлаштирган гибрид аукцион механизми ҳам жорий этилмоқда.

Аввалига объект нархи иштирокчилардан бири уни сотиб олишга тайёрлигини билдиргунга қадар босқичма-босқич пасайтирилади. Шундан сўнг манфаатдор иштирокчилар ўртасида нархни ошириш босқичи бошланади. Ҳужжатда қайд этилишича, дастлаб нархни пасайтириш ва ошириш қадами 2 фоизни ташкил этади.

Савдода фақат битта таклиф келиб тушган мол-мулкни сотиш механизми ҳам назарда тутилган: айрим ҳолатларда потенциал харидорга активни унинг соф қийматидан кам бўлмаган нархда сотиб олиш таклиф қилиниши мумкин.

Қоидалар давлат банклари активларига ҳам татбиқ этилади

Янги механизмларни нафақат анъанавий давлат корхоналарига нисбатан қўллашга рухсат берилади.

Фармон давлат улуши 50 фоиз ва ундан юқори бўлган тижорат банклари балансига қарздорлик эвазига қабул қилинган, шунингдек, улар муассислигидаги инвестиция компаниялари мол-мулкларини сотишда ушбу механизмларни қўллашни назарда тутади.

Бундай мол-мулкни очиқ савдолар орқали бозор қийматида, нархни пасайтиришнинг янги механизмлари ва тўлов шартларини қўллаган ҳолда сотишга рухсат берилади.

Агар банк қарздорликни қоплаш ҳисобига олинган мол-мулк бир йил ичида сотилмаса, уни кейинчалик сотиш учун Давлат активларини бошқариш агентлигига бериш мумкин.

Янги қоидалар давлат активларини сотиш дастурининг кенгайтирилиши билан бир вақтда жорий этилмоқда. 2026 йилда 84 та жамият устав капиталидаги улушлар, 1242 та кўчмас мулк объекти ва қарийб 8 минг гектар ерни хусусийлаштириш учун савдога чиқариш назарда тутилган.

Сотилиши режалаштирилаётган давлат активлари ва ерларнинг умумий қиймати қарийб 100 трлн сўмга баҳоланмоқда, уларни сотишдан тушадиган тушумларнинг минимал миқдори эса 14 трлн сўм этиб белгиланган.

Бундан ташқари, давлат иштирокидаги 85 та корхонани тугатиш ёки қайта ташкил этиш, шунингдек, аввал сотилмаган қатор объектларни қайта савдога чиқариш назарда тутилган.

gazeta.uz


Сарлавха :
Иқтисодиёт

10 09 2026 / 10:45