Хорижда ишлаб, Ўзбекистонга қайтгач,
ўз бизнесини йўлга қўйган фуқаролар уни кенгайтириш ва янги иш ўринлари
яратиш учун 60 млн сўмгача грант олиши мумкин. Шунингдек, Буюк Британияда
Мавсумий ишчилар схемаси доирасида ишлаб қайтганлар учун ҳам 60 млн сўмгача
грант танлови ўтказилмоқда.
Хорижда ишлаб, Ўзбекистонга қайтган
ва ўз бизнесини йўлга қўйган фуқаролар бизнесини кенгайтириш ва янги иш
ўринлари яратиш учун 60 млн сўмгача грант олиши мумкин. Бу ҳақда Миграция
агентлиги хабар берди.
Грант танлови Миграция бўйича
халқаро ташкилот (МХТ) ва Миграция агентлиги ҳамкорлигида, Швеция Адлия
вазирлиги молиявий кўмагида ўтказилмоқда.
Танловда 2025−2026 йилларда хорижда
ишлаб, Ўзбекистонга қайтган фуқаролар иштирок этиши мумкин.
Грант олиш
учун номзодларни танлашда бизнесни ривожлантириш бўйича аниқ ва асосланган
ғоя, янги иш ўринлари яратиш имконияти, шунингдек, мавжуд бизнеснинг
барқарорлиги ва самарадорлигига эътибор қаратилади.
Танловда хотин-қизларнинг фаол
иштироки алоҳида қўллаб-қувватланади.
Аризалар 21 сентябрга қадар
қуйидаги ҳавола бўйича
қабул қилинади.
Танлов бўйича саволлар юзасидан
Telegram орқали мурожаат қилиш мумкин:
+998 900215038
Буюк
Британияда мавсумий ишлаганларга ҳам 60 млн сўмгача грант
Шунингдек, МХТ ва Миграция
агентлиги Буюк Британиянинг Мавсумий ишчилар схемаси доирасида ишлаб қайтган
фуқаролар учун кичик бизнесни кенгайтиришга қаратилган грантлар танловини
ҳам ўтказмоқда. Унда ҳам 60 млн сўмгача грант
олиш мумкин.
Танловда 2024−2026 йилларда Буюк
Британиянинг Мавсумий ишчилар схемаси доирасида ишлаб, Ўзбекистонга қайтган
фуқаролар иштирок эта олади.
Номзодлар бизнесга ўз маблағидан
сармоя киритишга тайёр бўлиши, шунингдек, Тошкент шаҳрида ўтказиладиган бир
кунлик интенсив тренингда шахсан иштирок этиш имкониятига эга бўлиши керак.
Тренинг билан боғлиқ барча харажатлар ташкилот томонидан қопланади.
Номзодлардан
бизнес юритиш бўйича тасдиқланган тажрибага эга бўлиш, яъни бизнес ёки стартап
юритган бўлиш талаб этилади. Шунингдек, улардан янги иш ўринларини яратиш
салоҳияти, бизнес-режанинг узоқ муддатли истиқболи, таъсири
ва барқарорлигини таъминлашга тайёрлик талаб қилинади.
Грант дастурининг иштирокчилар
турмуш шароитини яхшилашга таъсирини баҳолаш мақсадида номзодлар келгуси 24
ой давомида МХТ билан ҳамкорлик қилишга рози бўлиши керак.
Бу танловда ҳам
хотин-қизларнинг фаол иштироки алоҳида қўллаб-қувватланади.
Буюк Британияда Мавсумий ишчилар
схемаси доирасида ишлаб қайтганлар учун аризалар 20 сентябрга қадар
қуйидаги ҳавола орқали
қабул қилинади.
Танлов бўйича саволлар юзасидан
Telegram орқали мурожаат қилиш мумкин:
+998 920012418
Эслатиб ўтамиз, июнь ойида
Ўзбекистон ва Швеция миграция ва мобиллик бўйича илк ҳукуматлараро
битимни имзолаган эди.
У тиббиёт, техника, хизматлар, парвариш соҳалари мутахассисларини Швеция
меҳнат бозорига тайёрлаш, иш берувчилар билан боғлаш, талаба
ва тадқиқотчилар учун академик алмашинув имкониятини кенгайтиришни кўзда
тутади. Миграция ва мобиллик бўйича уч йиллик пилот дастур Халқаро
миграция ташкилоти иштирокида амалга оширилади. Унинг доирасида Швеция меҳнат
бозори эҳтиёжлари ўрганилади, швед тили ва касбий тайёргарлик дастурлари
йўлга қўйилади.
Сарлавха :
Ижтимоий–сиёсий
11 09 2026 / 14:02