Loading...
O’zbekcha Русский O’zb Рус

Ўзбекистонда йил охиригача чиқиндидан энергия ишлаб чиқарувчи иккита заводни ишга тушириш режалаштирилмоқда



Улашинг :


Ўзбекистонда олтита чиқинди ёқиш заводидан иккитасини 2026 йил охирига қадар ишга тушириш режалаштирилмоқда. Шу билан бирга, ҳукумат 625 млн долларлик яна бешта лойиҳани тақдим этди. Янги корхоналар нафақат чиқиндидан электр энергияси ишлаб чиқаради, балки ҳосил бўладиган кулни ҳам қайта ишлайди.

2026−2027 йилларда Ўзбекистонда Хитой компаниялари иштирокида чиқиндиларни ёқиш орқали электр энергияси ишлаб чиқариш бўйича олтита лойиҳани амалга ошириш режалаштирилмоқда. Уларнинг умумий қиймати 933 млн долларни ташкил этади. Бу ҳақда 10 сентябрь куни президент Шавкат Мирзиёевга тақдимот вақтида маълум бўлди.

Ҳукумат маълумотларига кўра, 1 сентябрь ҳолатига кўра, ушбу лойиҳалар доирасида 286,8 млн доллар инвестиция ўзлаштирилган. Маҳаллий маҳсулот ва хизматлар хариди 76,6 млн долларга етган. Қурилиш ишларига 2 минг нафар маҳаллий ишчи жалб этилган.

Лойиҳалар Қашқадарё, Самарқанд, Тошкент, Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятларида амалга оширилади. Қашқадарё ва Самарқанддаги заводларни 2026 йилда, қолган ҳудудлардаги қувватларни 2027 йилда ишга тушириш режалаштирилган.

Корхоналар тўлиқ ишга тушгач, йилига 3,6 млн тонна қаттиқ маиший чиқинди қайта ишланади ҳамда 1,6 млрд киловатт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилади. Шу билан бирга, «ноль чиқинди» тамойилига босқичма-босқич ўтиш, полигонларга юкламани камайтириш ва экологик вазиятни яхшилаш имкони кенгаяди.

Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги директори Шарифбек Ҳасанов «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида президент ўтган йили олтита завод қурилишига розилик берганини таъкидлади.

«Шундан иккита завод бу йил якунига қадар ишга туширилади ва аҳолимизга керакли бўлган электр энергияни ишлаб чиқаришни бошлайди. Бугунги тақдимот яна шунга ўхшаган бешта заводни бешта ҳудудимизда қуриш, иқтисодиётга янги инвестицияларни жалб қилиш бўйича бўлиб ўтди. 625 млн долларлик бешта завод 2027 йилнинг охирида ишга тушади ва шу билан биргаликда 635 млн киловатт/соат электр энергия ишлаб чиқаришга эришамиз», — деди у.

Бешта инвестиция лойиҳаси Сингапур, Жанубий Корея ва Хитой компаниялари томонидан тақдим этилган. Уларнинг умумий қиймати 625 млн долларни ташкил этади. Лойиҳаларни Қорақалпоғистонда ҳамда Жиззах, Сурхондарё, Бухоро ва Хоразм вилоятларида амалга ошириш режалаштирилмоқда.

Ушбу лойиҳалар натижасида йилига 1,9 млн тонна қаттиқ маиший чиқинди қайта ишланиб, 635 млн киловатт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилади. 500 та янги иш ўрни яратилади, 158 млн куб метр табиий газ иқтисод қилиниб, иссиқхона газлари ҳажми 316 минг тоннага камайтирилади.

«Чиқинди ёқиш заводлари яна одамларга ёқиш орқали зарар келтиради, деб ўйлаш мумкин, лекин бу экологик тоза заводлар бўлиб ишга тушади. Экосаноат зоналаримизда заводлар битгандан кейин биз аҳолимизни ҳам таклиф қиламиз», — деди Шарифбек Ҳасанов.

Унинг сўзларига кўра, иқтисодий ўсиш учун бошқа имкониятлар ҳам назарда тутилган.

«Заводда чиқиндилар ёқилганидан кейин кул ҳосил бўлади. Бу кулни ҳам инвесторларимиз қайта ишлаш учун қўшилган қийматни ҳосил қилиб, Ўзбекистонда қайта ишлаб, буни ўзининг давлатига экспорт қилишни ҳам назарда тутяпти. Бизга бу қўшимча экспорт базасини ҳам яратиб беради», — деди Шарифбек Ҳасанов.

Бу чора-тадбирлар полигонлар сонини 50 фоизга қисқартириш вазифаларига ҳам жавоб беради.

«Экосаноат зоналаримизда барча ҳудудларимизнинг чиқиндиларини қабул қилиш бўйича, ёқиш бўйича қамраб оляпмиз. 40% чиқиндилар полигонига бориши камаяди, қолган чиқиндиларни биз қайта ишлашга бериб, қайта ишлашни ҳам ривожлантирган ҳолда, бундан кейин чиқиндиларимиз полигонга боришининг олдини оламиз», — деди Шарифбек Ҳасанов.

Унинг сўзларига кўра, келажакда ушбу полигонлар ўрнида боғ ва паркларни барпо этиш бўйича топшириқлар белгиланган.

Чиқиндидан электр энергияси ишлаб чиқариш заводи

2024 йил октябрь ойида президент Шавкат Мирзиёев маиший чиқиндиларни қайта ишлаш ва улардан электр энергияси ҳамда маҳсулот ишлаб чиқариш лойиҳалари ҳақида гапирар экан, бу соҳани «шунчаки заводлар эмас, балки тақдирий аҳамиятга эга масалалардан бири» деб атаган. 2025 йил март ойида у қаттиқ маиший чиқиндиларни ёқиш орқали электр энергияси ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга ошириш тўғрисида қарор имзолаган.

Шундай лойиҳалардан бири Самарқандда Хитойнинг Shanghai SUS Environment компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда. SUS Environment Samarkand заводи «Хушрав» массивидаги «Наврўз» маҳалласида жойлашган марказий полигон ҳудудида қурилмоқда: лойиҳа учун полигоннинг 100 гектар майдонидан 15 гектари ажратилган. Корхона пойдеворига тамал тоши 2025 йил 18 июль куни қўйилган, ҳозирда қурилиш ишлари давом этмоқда. Ўтган йил ёзида объектни Gazeta журналисти Отабек Турдиев бориб кўрган.

Чиқиндиларни ёқиш заводлари саноат ва қаттиқ маиший чиқиндиларни қозонлар ёки печларда термик қайта ишлаш технологияси асосида ишлайди. Ёниш жараёнида ҳосил бўлган иссиқликдан иссиқлик ва электр энергияси ишлаб чиқаришда фойдаланилади.

gazeta.uz