Президентнинг
11.09.2026 "Барқарор иш ўринларини яратиш ва кичик бизнесни жадал
ривожлантириш орқали аҳоли даромадларини ошириш чора-тадбирлари
тўғрисида"ги ПФ-193-сонли Фармони
қабул қилинди.
Ҳужжатда барқарор иш ўринларини яратиш ва аҳоли даромадларини ошириш
мақсадида ташкил этиладиган туман ва шаҳар штаблари томонидан оилавий ва ёшлар
тадбиркорлиги дастурлари доирасида имтиёзли кредитларни тақсимлаш тўғрисида
қарорлар қабул қилиш назарда тутилган.
Штаблар 3,2 трлн сўмдан ортиқ молиявий ресурсларни, шу жумладан:
оилавий тадбиркорлик дастурига ажратилган маблағлардан 1,37 трлн сўм, ёшлар
бизнеси учун 450 млрд сўм, шунингдек, Камбағалликни қисқартириш жамғармасидан
240 млрд сўм ва Бандликка кўмаклашиш жамғармасидан 100 млрд сўмни тасарруф
этишлари мумкин бўлади.
Штаб қарорига кўра, Ижтимоий реестрдаги оилаларни кооперация лойиҳаларига
жалб қилган етакчи тадбиркорлар ҳар бир хонадонга 50 млн сўм миқдорида гаровсиз
кредит олишлари мумкин бўлади. Бунда кредитнинг максимал миқдори 5 млрд сўмни
ташкил этади.
1 октябрдан бошлаб штаблар ўзини ўзи банд қилган фуқаролар, кичик ва
ўрта корхоналарга берилган банк кредитлари бўйича фоизларнинг бир қисмини
компенсация қилиш тўғрисида ҳам қарор қабул қилади. Субсидияларни тўлаш учун
Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси жавоб беради.
Маҳаллий шароит, ривожланишнинг устувор йўналишлари ва лойиҳаларнинг
самарадорлиги қарор қабул қилишнинг асосий мезонлари бўлади. Кредит тарихи,
барқарорлик рейтинги ёки корхона тоифасига қўшимча талаблар қўйиш тақиқланади.
Ижтимоий қўллаб-қувватлаш механизми ҳам ўзгармоқда – туман ва шаҳар
штаблари ижтимоий ёрдам ва хизматлар кўрсатиладиган "Саховат ва
кўмак", "Аёллар дафтари" ва "Ёшлар дафтари"
жамғармаларининг маблағларини (760 млрд сўм) тасарруф этиш имкониятига эга
бўлади.
2027 йил 1 январдан бошлаб одамларнинг ижтимоий ёрдам ва хизматларга
бўлган эҳтиёжи, шунингдек, Ижтимоий реестрга киритиш тўғрисидаги қарорлар
баҳолаш тизими асосида аниқланади. Молиявий шароитлардан ташқари, оила
аъзоларининг сурункали касалликлари, ногиронлик, меҳнат миграцияси, болалар
сони ва бошқа омиллар ҳисобга олинади.
Оилаларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолати балли тизим орқали баҳоланади.
Олинган натижалар асосида оилаларга тегишли тоифалар берилади ва улар ижтимоий
қўллаб-қувватлаш чоралари ва хизматларидан фойдаланиш имкониятига эга
бўладилар.
Шу билан бирга, Давлат ижтимоий суғурта жамғармаси меҳнат
шартномалари бўйича банд бўлган аёлларга ҳомиладорлик ва туғиш таътили тугаган
пайтдан бошлаб бола бир ёшга тўлгунга қадар бола парвариши бўйича нафақа
тўлашни бошлайди.
Ҳужжат билан қуйидагилар тасдиқланди:
·
Барқарор иш ўринларини яратиш ва аҳоли
даромадларини ошириш бўйича туман ва шаҳар штабларининг асосий вазифалари;
·
Ваучер воситасида тақдим этиладиган
ижтимоий қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари рўйхати.
Ҳужжат
Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 12.09.2026
йилдан кучга кирди.
Л.
Абдуазимова
Сарлавха :
Иқтисодиёт
14 09 2026 / 16:02