Ўзбекистон ва Жанубий Корея 13
та ҳужжатни имзолади. Улар қаторида яна саккизта юқори тезликдаги поезд харид
қилиш, миллий геномика маркази ҳамда биобанк ташкил этиш, муҳим минераллар
соҳасидаги лойиҳаларни ривожлантириш ва саноатга сунъий интеллектни жорий
этиш каби келишувлар бор.
Сеулдаги музокаралар якунида Шавкат
Мирзиёев ва Корея Республикаси президенти Ли Чжэ Мён ҳузурида
имзоланган икки томонлама ҳужжатларни алмашиш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда
Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабар берди.
Ҳужжатлар тўплами савдо-иқтисодий,
инвестициявий ва гуманитар шерикликни кенгайтиришга қаратилган шартнома
ва келишувларни ўз ичига олади.
Улар орасида транспорт, авиация,
қишлоқ хўжалиги, туризм, сунъий интеллект, техник кўмак, олий, мактаб
ва мактабгача таълим, тиббиёт маҳсулотларини тартибга солиш, экология,
иқлим ўзгаришига қарши курашиш, интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш, архив иши
ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликка оид ҳужжатлар ўрин олган.
Жанубий
Кореянинг Yonhap агентлигининг аниқлик киритишича, жами 13
та идоралараро битим ва меморандум имзоланган.
Хусусан, Корея Экспорт-импорт банки
ҳамда Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги стратегик
лойиҳаларни қидириш механизмини яратиш бўйича меморандумни имзолади.
Агентлик маълумотларига кўра, мазкур
ҳужжат Ўзбекистоннинг олтита стратегик тармоғида истиқболли, ўзаро манфаатли
лойиҳаларни аниқлаш ҳамда уларни лойиҳавий ва тижорий молиялаштириш
имкониятларини кўриб чиқишни назарда тутади. Ушбу йўналишлар сирасига ўта муҳим
минераллар, дата марказлар, ақлли шаҳарлар, корейс компаниялари учун махсус
саноат зонаси, фармацевтика ва биотехнологиялар, шунингдек, озиқ-овқат,
гўзаллик ва медиаконтент саноати киради.
Бундан аввалроқ Корея Республикаси
президенти матбуот хизмати муҳим минераллар йўналишида икки давлат
Корея-Ўзбекистон ноёб металлар маркази негизида геология-қидирув ва қазиб
олишдан тортиб қайта ишлашгача бўлган барча таъминот занжири бўйлаб ҳамкорликни
кучайтириш ниятида эканини билдирганди.
Шунингдек,
Ўзбекистонга саккизта юқори тезликдаги поезд етказиб бериш ҳамда миллий
геномика маркази ва Biome Center биобанкини ташкил этиш бўйича меморандум
имзоланди. Бу ташаббус транспорт ва тиббиёт инфратузилмаси соҳасидаги
алоқаларни янада кенгайтириши кутилмоқда. Келгусида ушбу лойиҳалар кўлами
кенгайтирилиши мумкин бўлиб, Yonhap`нинг қайд этишича, бу «корейс
компанияларининг Ўзбекистон бозорига киришига замин яратади».
Эслатиб ўтамиз, июнь ойида транспорт
вазири Илҳом Маҳкамов Тошкент — Андижон ва Тошкент — Термиз
темирйўл линияларини модернизация қилиш ҳамда мазкур йўналишларда Hyundai Rotem
русумидаги 8 та тезюрар электропоездни қатновини йўлга қўйиш масаласи
кўриб чиқилаётганини маълум қилганди.
Биобанк яратиш масаласига
тўхталадиган бўлсак, Ўзбекистон Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги
ҳузуридаги Илғор технологиялар маркази бундай режаларни 2025 йилнинг
октябрида эълон қилганди.
Жумладан, аҳолининг генетик харитасини ва миллий биобанкни яратиш кўзда
тутилган бўлиб, бу шахсийлаштирилган тиббиётни ривожлантириш, янги
дори-дармон ва диагностик тестларни ишлаб чиқиш, шунингдек, неонатал ҳамда
пренатал скрининг дастурлари аниқлигини ошириш учун зарурдир.
Ўзбекистон ва Жанубий Корея
ўртасидаги яна бир меморандум чегарада интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш
соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, хусусан, машҳур брендларнинг контрафакт
маҳсулотлари кириб келишининг олдини олишни кўзда тутади.
Томонлар мактабгача ва умумий
таълим соҳасида ҳамкорлик меморандумини ҳам имзолади. Мазкур ҳужжат мактабгача,
бошланғич ва ўрта таълим йўналишларида ўзаро тажриба алмашишни кенгайтиришни
назарда тутади.
Хусусан, корейс тилини Ўзбекистон
ҳукумати томонидан ташкил этиладиган расмий фан олимпиадалари рўйхатига киритиш
режалаштирилмоқда. Бу эса мамлакатда корейс тили мақомини янада ошириши
кутилмоқда.
Ўрмонларни
рақамли тиклаш ва иқлим ўзгаришига қарши курашиш бўйича ҳамкорлик меморандуми
Марказий Осиёнинг трансчегаравий экологик муаммоларини, шу жумладан,
Оролбўйининг чўлланиши ва сув ресурслари бўйича баҳсларни биргаликда ҳал
этиш ҳамда иқлим инқирозига қарши чоралар кўришни ўз ичига олади.
Бундан ташқари, ўзаро сафарлар
ва фуқаролар ўртасидаги алоқаларни фаоллаштириш бўйича туризм соҳасида,
Корея агротехнологияларини трансфер қилишни назарда тутувчи қишлоқ хўжалиги
соҳасида, шунингдек, саноатга сунъий интеллектни жорий этиш ва тиббиёт
маҳсулотларини мувофиқлаштириш бўйича ҳамкорлик меморандумлари имзоланди.
Мудофаа саноати соҳасидаги
ҳамкорликни кенгайтириш тўғрисидаги ҳужжат ҳамда маҳкумларни топшириш бўйича
шартномага ҳам имзо чекилди.
gazeta,uz
Сарлавха :
Иқтисодиёт
15 09 2026 / 12:32