Рақобат
қўмитаси ҳудудий электр тармоқлари корхоналарига нисбатан иш қўзғатди. Бизнес
омбудсман маълумотларига кўра, 2025 йил августидан 2026 йил февралигача улар
қарздорлик тўлангач тармоққа қайта улаш учун тадбиркорлардан 965 та ҳолатда 5,5
млрд сўмлик тўловларни ноқонуний ундирган.
Рақобатни ривожлантириш
ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси тадбиркорлардан асоссиз
ундирилган 5,5 млрд сўмлик тўловлар юзасидан ҳудудий электр тармоқлари
корхоналарига нисбатан иш қўзғатди, деб хабар бермоқда идора
матбуот хизмати.
Бизнес омбудсман тақдим этган маълумотлар
таҳлилига кўра, 2025 йил 23 августдан 2026 йил февраль ойига қадар ҳудудий
электр тармоқлари корхоналари тадбиркорлик субъектларидан қарздорлик туфайли
узилган тармоққа қайта уланиш учун ноқонуний равишда тўлов ундирган.
Республика бўйича жами 965 та
ҳолатда 5,5 миллиард сўмлик тўловлар асоссиз олинган.
Президент
фармони ҳамда Вазирлар Маҳкамаси қарорларига мувофиқ, электр энергиясидан
қарздорлик бартараф этилгандан сўнг истеъмолчиларни қайта улаш учун жарима ва
қўшимча тўловларни ундириш бекор қилинган. Давлат органлари ушбу нормаларни
қонуности ҳужжатлари қабул қилинишини кутмасдан, тўғридан-тўғри амалга ошириши
белгиланган эди, дея эслатди қўмита.
Шунингдек, амалдаги Электр
энергиясидан фойдаланиш қоидаларига ҳам тегишли ўзгартиришлар киритилиб,
тармоқдан узилган истеъмолчиларни қайта улаш учун ундириладиган тўловлар бекор
қилинган.
Ҳозирда мазкур ҳолат бўйича
манфаатдор давлат органлари иштирокида ўрганиш ва ҳуқуқий баҳо бериш ишлари
олиб борилмоқда. Рақобат қўмитаси ишни кўриб чиқиш якунлари юзасидан қўшимча
маълумот берилишини маълум қилди.
газета.уз
Сарлавха :
Иқтисодиёт
15 09 2026 / 13:37