Вьетнамнинг
ROX Group компанияси Учтепада 1,5 млрд долларли йирик лойиҳа амалга оширишни
кўриб чиқмоқда. 37 гектар ерда ишбилармонлик ва кўнгилочар марказлар, турар
жойлар ҳамда янги инфратузилма қуриш таклиф қилинди. Компания кўчмас мулк,
энергетика ва молиявий хизматларни ривожлантириш ниятида.
Президент Шавкат Мирзиёев 11
сентябрь куни Вьетнамнинг ROX Group компанияси асосчиси Ань Туан Чанни қабул
қилди. Учрашувда компаниянинг кўчмас мулк, энергетика, молия сектори
ва туризм соҳаларидаги инвестиция лойиҳалари муҳокама қилинди, деб хабар берди давлат раҳбари матбуот
хизмати.
ROX Group — 1996 йилда
Вьетнамда ташкил этилган кўп тармоқли инвестиция гуруҳи. У кўчмас мулк,
энергетика, банк иши, меҳмонхона бизнеси ва хизмат кўрсатиш соҳаларида
фаолият юритади.
Ўзбекистонда ҳамкорликнинг устувор
йўналишлари сифатида шаҳар ва саноат инфратузилмасини ривожлантириш, қайта
тикланадиган энергетика, геология, молия сектори ва туризм қайд этилди.
Учрашув якунлари бўйича томонлар «йўл харитаси» асосида амалдаги ва янги
лойиҳаларни амалга оширишни жадаллаштиришга келишиб олди.
37 гектар
майдонда Uchtepa City
Тошкент шаҳри ҳокими ўринбосари
Шароф Раҳмонов «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида пойтахтда ROX
Group билан иккита асосий йўналиш — қурилиш ва молия соҳаларида
ҳамкорлик қилиш режалаштирилаётганини айтди.
Хусусан, Учтепа туманида 37 гектар
майдонда янги Uchtepa City мажмуасини қуриш таклиф этилмоқда.
«Қурилиш
соҳасида Учтепа туманида 37 гектар майдонда Uchtepa City лойиҳасини амалга
оширишни режалаштиряпмиз. Лойиҳа замонавий ишбилармонлик ва кўнгилочар
марказлар, турар жойлар ҳамда мутлақо янги инфратузилмани барпо этишни назарда
тутади», — деди ҳоким ўринбосари.
Унинг сўзларига кўра, лойиҳа қиймати
1,5 млрд долларга баҳоланмоқда.
«Уни амалга ошириш ҳисобига тахминан
уч йил давомида 20 мингга яқин янги иш ўрни яратилиши кўзда
тутилган», — деди Раҳмонов.
Кўчмас мулк,
энергетика ва банклар
ROX Group асосчиси Ань Туан Чан
учрашувдан сўнг компания Ўзбекистонда «йирик, узоқ муддатли ва барқарор
инвестиция лойиҳаларини» амалга ошириш ниятида эканини маълум қилди.
«Биз
Ўзбекистонда йирик, узоқ муддатли ва барқарор инвестиция лойиҳаларини
амалга оширишни мақсад қилганмиз. Ушбу ташаббуслар Вьетнам ва Ўзбекистон ўртасидаги
иқтисодий ҳамкорликни янада мустаҳкамлашига ҳамда иккала мамлакат ривожланишига
ҳисса қўшишига ишонамиз», — деди у.
Бизнесменнинг сўзларига кўра, ROX
Group мамлакатда учта асосий йўналишни кўриб чиқмоқда.
Биринчиси — кўчмас мулк,
шу жумладан уй-жойлар, тижорат объектлари, меҳмонхоналар
ва индустриал парклар қурилиши. Иккинчиси — энергетика.
«Биз қуёш электр станциялари ва
кўмирда ишлайдиган иссиқлик электр станцияларини қуриш орқали мамлакатни
барқарор энергия манбалари билан таъминламоқчимиз», — деди Ань Туан Чан.
Учинчи йўналиш молия ва банк
хизматлари бўлади. Унинг таъкидлашича, компания ушбу соҳаларда бир қанча
лойиҳаларни белгилаб олган.
«Президентга
ўз таклиф ва режаларимизни тақдим этганимиздан сўнг, у уларни амалга
оширишни қатъий қўллаб-қувватлашини билдирди. Энди бизда амалий босқичга ўтиш
имконияти бор», — деди ROX Group асосчиси.
Кўчмас мулк соҳасидаги лойиҳаларни
нафақат Тошкентнинг Учтепа туманида, балки Бухоро ва Самарқанд
вилоятларида ҳам амалга ошириш режалаштирилмоқда.
Ань Туан Чан, шунингдек, Марказий
Осиёнинг бошқа мамлакатларига нисбатан Ўзбекистон банк тизимининг жадал
ривожланаётганини алоҳида таъкидлади.
2025 йилнинг декабрь ойида президент
37 гектар майдонда Uchtepa City қуриш режалари ҳақида маълум қилган эди. Ўшанда лойиҳа қиймати 1
млрд долларга баҳоланган. Унда замонавий меҳмонхона, бизнес марказлар,
савдо-кўнгилочар мажмуаси ва апартаментлар қуриш кўзда тутилган эди.
gazeta.uz
Сарлавха :
Иқтисодиёт
15 09 2026 / 14:31