Loading...
O’zbekcha Русский O’zb Рус

Қишлоқ хўжалиги корхоналарига дизелнинг бир тоннаси 15 млн сўмдан ошганда харажатларнинг бир қисми қоплаб берилади



Улашинг :


Ўзбекистонда 1 июлдан 1 декабргача биржада сотиб олинган дизель ёнилғиси нархининг бир қисми қишлоқ хўжалиги корхоналарига қоплаб берилади. Агар нарх бир тонна учун 15 млн сўмдан ошса, давлат орадаги фарқни қоплайди, аммо бу компенсация миқдори 2 млн сўмдан ошмайди.

Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги корхоналарига товар-хомашё биржалари орқали харид қилинадиган дизель ёнилғиси харажатларининг бир қисми вақтинчалик қоплаб берилади. Ушбу чора президентнинг 12 сентябрдаги суюлтирилган газ бозорини ислоҳ қилиш тўғрисидаги қарорида назарда тутилган.

Компенсация 2026 йилнинг 1 июлидан 1 декабригача бўлган даврда сотиб олинган ёнилғига нисбатан амал қилади.

Агар бир тонна дизель ёнилғисининг биржа нархи 15 млн сўмдан ошса, ошиқча сумма республика бюджетидан қишлоқ хўжалиги корхонасига қоплаб берилади. Бунда субсидия миқдори ҳар бир тонна учун 2 млн сўм билан чекланади.

Масалан, агар бир тонна дизель 16 млн сўмга харид қилинган бўлса, компенсация 1 млн сўмни ташкил этади. Нарх 18 млн сўм бўлганда ҳам, субсидия миқдори белгиланган максимал даражадан — тоннасига 2 млн сўмдан ошмайди.

Тўловлар Аграр соҳада тўловлар агентлиги орқали амалга оширилади.

Қарорда, шунингдек, суюлтирилган газ соҳасидаги бошқа бир субсидияни бюджетдан молиялаштириш ҳам назарда тутилган. 2027 йилдан бошлаб аҳоли учун белгиланган тартибга солинадиган газнинг чакана нархи ва LPG-Trade янги операторининг иқтисодий жиҳатдан асосланган харажатлари ўртасидаги фарқни қоплаш харажатлари Давлат бюджети параметрларида алоҳида сатрда назарда тутилиши керак.

Бундан ташқари, маҳаллий корхоналарда ишлаб чиқарилган ва аҳоли учун мўлжалланган суюлтирилган газни ташиш учун «LPG-Trade»га ташиш масофасидан қатъи назар бутун республика бўйлаб ягона темир йўл тарифи жорий этилади.

Сўнгги етти ойда дизель ёнилғиси ишлаб чиқариш 683,4 минг тоннани ташкил этди — бу ўтган йилги даражадан (673,7 минг тонна) 1,4% га кўп. Июль ойида 115,4 минг тоннага яқин дизель ёнилғиси ишлаб чиқарилди — бу июнь ойидагига қараганда 1,6% га кам.

Биринчи ярим йилликда дизель ёнилғиси импорти 18,7% га қисқариб, 283 минг тоннани, унинг қиймати эса 11,1% га камайиб, 228,9 млн долларни ташкил этди. Бунда ўртача импорт нархи 9,4% га ошиб, тоннасига 809 долрга етди. Июнь ойида импорт ўтган йилги 51,8 минг тоннага нисбатан 2,8 минг тоннагача тушиб кетди.

gazeta.uz


Сарлавха :
Иқтисодиёт

16 09 2026 / 14:34