Қорақалпоғистондаги 30 минг гектарда
шўрга чидамли олхўри ва кечки ўрик плантацияларини ташкил этиш бўйича 3
йиллик дастур бошланади. Шунингдек, келгуси баҳордан Нукус туманидаги 10 минг
гектар майдонда қовун етиштириш бошланади. Инвесторлар жалб қилиб, қовун
экспорт қилувчи холдинг ташкил этилади.
Президент Шавкат Мирзиёев Нукусдаги
йиғилишда Қорақалпоғистонда шўрга чидамли олхўри ва кечки ўрик
плантацияларини ташкил этиш бўйича уч йиллик дастур амалга
оширилишини маълум қилди. Дастур доирасида 30 минг
гектарда боғлар барпо этилади.
Давлат раҳбари Кегейли туманидаги
330 гектар шўр ерда ташкил этилаётган саноатлашган боғ билан танишганини қайд
этди. Янги дастур доирасида 10 минг гектар майдонда ишлар шу йил
бошланади.
Вилоят ҳокимларига 500 ва 1
минг гектардан боғ яратиш вазифаси юклатилади. Андижондан ер бўйича
мутахассислар ва тажрибали деҳқонлар Кегейли туманига келиб, ишларни
бошлаган.
Қорақалпоғистон
Вазирлар Кенгаши, вилоят ҳокимликлари ва Боғдорчилик агентлиги ўртасида
уч томонлама шартномалар тузилади. Икки ҳафта ичида ҳар бир ҳудуд учун
ер ажратилиб, кафолатли сув таъминоти яратилади. Агентлик 1 октябргача
иқлимга мос кўчат навлари ва экиш технологияларини тақдим этади.
Вилоят ҳокимлари уста деҳқон
ва агрономларни жалб қилиб, уларга уй-жой қуриб бериши керак. Ҳар бир
ҳудудда 50 гектарлик боғлар жорий йилда, қолган майдонларда эса баҳорда ташкил
этилади. Боғлар ёнида қайта ишлаш қувватлари ҳам барпо қилинади.
Лойиҳа натижасида боғдорчилик
соҳасида 20 минг кишини иш билан таъминлаш ва уч йил ичида мева
экспортини камида 500 миллион долларга етказиш вазифаси белгиланди.
Бундан ташқари, келгуси баҳордан
Нукус туманидаги 10 минг гектар майдонда қовун етиштириш бошланади. Йил
якунигача Испания, АҚШ, Нидерландия ва Хитойдан қовуннинг энг яхши
навлари, уруғчилик ва агротехнология бўйича мутахассисларни олиб келиш
топширилди.
Салоҳиятли инвесторларни жалб қилиб,
шу ернинг ўзида қовунни қайта ишлаш ва экспорт қилиш билан
шуғулланадиган холдинг ташкил этилади.
Нукус туманидаги техникум
қовунчиликка мослаштирилиб, лаборатория ва синов полигони билан
таъминланади.
Ушбу муассаса Қорақалпоғистон,
Хоразм, Жиззах, Қашқадарё ва Сирдарёдаги қовун етиштирувчилар учун тажриба
алмашиш методик маркази бўлади.
Сарлавха :
Иқтисодиёт
21 09 2026 / 16:21