Loading...
O’zbekcha Русский O’zb Рус

“Хотин-қизлар ва ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш”лойиҳаси ўтказилмоқда



Улашинг :



Ўзбекистон Тадбиркорлик ва фермерликни қўллаб-қувватлаш маркази Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги ННТларни ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг “Аҳолини тадбиркорликка кенг жалб этишга кўмаклашиш” мавзусидаги Давлат гранти 2-танловида “Хотин-қизлар ва ёшларни иқтисодий, молиявий ва бизнес соҳасидаги кўникмаларини юксалтириш” мақсадини назарда тутувчи ижтимоий аҳамиятга молик “Хотин-қизлар ва ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш” лойиҳаси билан ғолиб чиқиб, бугунги кунгача қатор ишларни амалга ошириб келмоқда.

Ёшларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш ҳамда уларнинг ишбилармонлик, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка бўлган қизиқишларини янада кучайтириш, фойдали меҳнат фаолиятига ўргатиш, ёш тадбиркорларнинг иқтисодий, молиявий ва бизнес соҳасидаги билим ва кўникмаларини янада ошириш, ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, уларнинг бизнес ташаббуслари, стартаплари, ғояларини амалга оширишга кўмаклашиш Марказнинг устувор вазифалардан биридир.

Ўзбекистон Тадбиркорлик ва фермерликни қўллаб-қувватлаш маркази Республикамизда тадбиркорлик ҳаракатининг ривожланишини ҳамда ушбу жараёнга ёшлар ва хотин-қизлар бевосита билими ва салоҳияти билан кўпроқ иштирок этиши ва ўз ҳиссасини қўшиши лозим, деб ҳисоблайди.

Ёшларнинг тадбиркорлик ва фермерлик фаолиятига қизиқишини янада кучайтириш, олий ва ўрта махсус таълим муассасаларидаги ўқувчи-талабаларни ишга жойлаштиришга кўмаклашиш, уларни ишбилармонликка ўргатиш, банд бўлмаган ишсиз ёшлар ва хотин-қизларни фойдали меҳнат фаолиятига ўргатиш, уларнинг бандлигини таъминлаш, ишбилармон, тадбиркор ёшлар сафини кенгайтириш мақсадида Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон ва барча вилоятларда уч кунлик ҳудудий ўқув семинарларини ташкил этиш режалаштирилган. Семинарларни ўтказишга амалий бизнес тажрибасига эга бўлган тадбиркорлар жалб қилишдан ташқари, ўқув курсларни ташкил этиш ва ўтказиш комиссияси таркибига ўндан ортиқ депутатлар, иқтисодиёт ва молия соҳасининг малакали мутахассислари, манфаатдор ташкилотларнинг вакиллари ҳам киритилган.

Куни кеча Тошкент шаҳридаги “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”га киритилган 48 нафар хотин-қизлар, ишсиз ёшлар ҳамда тадбиркорликка қизиқувчи талаба-ёшлар Марказ залида, юздан ортиқ тингловчилар ZOOM платформаси орқали лойиҳа доирасида ташкил этилган ўқув семинарларида иштирок этдилар.

Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Б.Мардаев, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси вакили Х.Мадалиев, Солиқ Қўмитасидан И.Севинчев, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигидан Қ.Шарипов, Оила ва хотин-қизлар қўмитасидан Ғ.Умаров, Ёшлар ишлари агентлигидан С.Бийқузиев, шунингдек, Микрокредитбанк, Агробанк, Халқ банки ҳамда янги ташкил этилган Бизнесни ривожлантириш банки мутахассислари билан бир қаторда кичик ва ўрта бизнесда муайян ютуқларга эришган, таниқли тадбиркорлар ташриф буюришди. Тингловчиларга бошланғич тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш учун юридик шахс ёки тадбиркорлик субъекти сифатида давлат рўйхатидан ўтиш, юридик мақомга эга бўлиш учун талаб қилинадиган бирламчи ҳужжатлар ҳақида маълумотлар берилди. Ҳуқуқий меъёрлар ҳақида тушунча ва тегишли маълумотга эга бўлиш, тадбиркорлик субъектининг банк, солиқ, божхона ва бошқа тегишли идоралар билан ўзаро муносабатга киришиш лаёқатига эга бўлишлиги, банк муассасаларидан кредит расмийлаштириш борасидаги мавжуд ҳуқуқий меъёрлар билан яқиндан танишиш каби масалалар ҳақида тегишли мутахассислар тайёрлаб келган слайдлари орқали батафсил сўзлаб беришди.

Шуниси эътиборлики, мазкур лойиҳани амалга ошириш орқали:

-ишсиз хотин-қизлар ва ёшлар ўртасидаги бандлик муаммолари масалаларига салмоқли ҳисса қўшилиб, ишбилармонлик ва тадбиркорлик орқали ёшларнинг жамиятда ўз муносиб ўрнини эгаллашига кўмаклашилади;

-инновацион ташаббусларни қўллаб-қувватлаш орқали ишбилармонлик қобилиятига эга бўлган хотин-қизлар ва ёшлар тадбиркорликка, жумладан, оилавий бизнесга кенг жалб қилинади ва уларга ўз бизнесини йўлга қўйишга кўмаклашилади;

-жамият тадбиркорлик ва ишбилармонлик кўникмаларига эга бўлган, жамиятдаги ўзгаришларда фаол иштирок этадиган хотин-қизлар ва ёшлар ҳисобига кенгайтирилади ва давлатимизнинг истиқболли кадрлари заҳираси тўлдирилади.

Семинарда ишсиз хотин-қизлар ва ёшларнинг молиявий, иқтисодий ва бизнес соҳасидаги билим-малакаларини юксалтириш билан бир қаторда улар учун соҳага оид қонунчилик нормалари, қонун ости ҳужжатлари, соҳанинг етук мутахассисларининг илмий-назарий мақолалари киритилган «Хотин-қизлар ва ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш” номли махсус қўлланма ҳамда тарқатма материаллар тарқатилди, тингловчиларга сертификатлар топширилди.

Республика бўйича ўқувлар охирида “Энг яхши бизнес режа” тақдимоти ўтказилади ҳамда молиялаштиришга мувофиқ деб топилган бизнес режалар имтиёзли кредит олиш учун тавсия қилинади, юздан ортиқ иш ўринлари яратилади.

Ўзбекистон Тадбиркорлик ва фермерликни қўллаб-қувватлаш маркази



06 12 2023 / 12:05