2024 йилнинг 23 январь куни
Ўзбекистон Тадбиркорлик ва фермерликни қўллаб-қувватлаш марказида Корея Республикасининг
“Юнгсанг Ли Азэнержи Cо.ЛТД" ва "Ре-Cо консалтинг Cорп." компаниялари
ҳамда Кореянинг илмий ва таълим муассасалари вакиллари билан музокаралар ўтказилди.
Учрашувда мазкур компаниялар,
шунингдек, Жанубий Кореянинг “яшил иқтисодиёт” энергетикаси соҳасидаги илмий ва
таълим муассасалари мутахассислари томонидан ишлаб чиқилган замонавий технологиялардан
фойдаланган ҳолда Ўзбекистонда янги лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари муҳокама
қилинди.
Корея делегацияси вакилларининг
фикрича, ушбу инновацион лойиҳаларни Ўзбекистонда жорий қилиш “яшил иқтисодиёт”ни,
хусусан, энергетика соҳасини ривожлантиришда муҳим қадам бўлиб, келгусида атроф-муҳит
ифлосланишини камайтириш ва Республикада барқарор энергия таъминотини йўлга қўйишга
ёрдам бериши мумкин.
Ўз навбатида, кореялик ҳамкорлар
томонидан таклиф этилаётган технологиялар мамлакатимизнинг ишбилармон доиралари
вакилларида ҳам катта қизиқиш уйғотиб, Республиканинг ишбилармонлик муҳити салоҳияти
юксалиб бораётгани, Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасидаги инновациялар ва
яшил технологиялар соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилаётгани алоҳида
таъкидланди.
Учрашувда Ўзбекистон Республикаси
Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги вакиллари ҳам
иштирок этиб, Корея томонининг Ўзбекистондаги экологик вазиятни яхшилашга ёрдам
бериши мумкин бўлган ва таклиф этаётган лойиҳаларига
қизиқиш билдиришди. Улар турли хилдаги чиқиндиларни қайта ишлаш ва бу билан атроф-муҳит,
ҳаво ифлосланишини камайтириш, шунингдек, мамлакатда энергия самарадорлигини ошириш
стратегиясининг бир қисми сифатида ушбу технологияни жорий этиш имкониятларини кўриб
чиқишга тайёр эканликларини билдирдилар.
Мутахассисларнинг фикрича, ушбу
лойиҳанинг асосий элементи чиқиндиларни механик саралаш ва қайта ишлаш ҳисобланади.
Чиқиндиларни замонавий технологиялар асосида механик саралаш кейинчалик уларни саноат
даражасида қайта ишлаш учун самарали ажратиш имконини беради. Бундан ташқари, органик
чиқиндиларни иссиқлик ва электр энергияси ишлаб чиқариш учун ишлатиладиган биогаз
сифатида қайта ишлаш имконини беради. Бу нафақат табиий чиқиндилар ҳажмини камайтириш,
балки қайта тикланиши мумкин бўлган манбалардан тоза энергия ишлаб чиқариш имкониятини
яратади. Ушбу пилот лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида Тошкент вилояти ва Қорақалпоғистон
Республикасида махсус ер майдонлари ажратилиб, яқин кунларда қурилиш ишларини бошлаш
режалаштирилган.
Шунингдек, йиғилишда Ўзбекистон
фермер хўжаликлари ва хўжалик юритувчи субъектлар томонидан хорижий давлатларга
экспорт қилиш мақсадида мева-сабзавот, экологик тоза озиқ-овқат маҳсулотлари учун
ягона савдоси платформасини яратиш масаласи ҳам муҳокама қилинди. Дастлаб, Жанубий
Кореядан денгиз йўли билан, кейинчалик Россиянинг Владивосток шаҳри орқали Ўзбекистон
ва Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларига логистика йўналишларини яратиш имкониятлари
ҳам муҳокама қилинди. Бу минтақа давлатлари ўртасида савдо-сотиқ бўйича ҳамкорликни
ривожлантириш, шунингдек, озиқ-овқат маҳсулотларини янада самарали ташиш ва сақлаш
имконини беради.
Умуман олганда, Ўзбекистон ва
Корея делегациялари ўртасидаги икки томонлама музокаралар илиқ ва дўстона руҳда
бўлиб ўтди. Бу ўз навбатида Ўзбекистон Республикаси
ва Жанубий Корея ўртасида “яшил иқтисодиёт”ни ривожлантириш, хусусан ҳар хил турдаги
чиқиндиларни қайта ишлашда замонавий технологияларни жорий этиш учун дастурул-амал
бўлиб хизмат қилади.
А.А.Абдуллаев,
Ўзбекистон
Тадбиркорлик ва фермерликни қўллаб қувватлаш маркази етакчи мутахассиси
26 01 2024 / 14:39