Глобал
экологик жамғармасининг “Қишлоқ хўжалигини барқарорлаштириш ва иқлим ўзгариши
оқибатларини юмшатиш” грант лойиҳаси доирасида лойиҳа вилоятларида ўтказилган
ўқув семинарлари ҳақида маълумот
Ўзбекистон
тадбиркорлик ва фермерликни қўллаб-қувватлаш Маркази томонидан Қишлоқ хўжалиги
корхоналарини таркибий қайта тузиш Агентлиги билан тузилган GEF/СQS/12 UZ -
сонли шартномага мувофиқ Тошкент, Сирдарё, Жиззах, Самарқанд, Қашқадарё,
Бухоро, Андижон, Фарғона вилоятларида 4 ноябрдан 17 декабргача 30 та ўқув семинарлари
ўтказилди. Ўқув семинарлари «Қайта
тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишда қўлланиладиган технологияларни
аниқлаш ва танлаш» мавзусида ўтказилиб, унда фермер хўжаликларининг
раҳбарлари ва ходимларини қайта тикланувчи энергия манбалари технологияларидан
республикамиз ва хорижда фойдаланиш ҳолати, Ўзбекистонда ва бошқа мамлакатларда
ишлаб чиқарилаётган қайта тикланувчи энергия манбаларига асосланган энергетик қурилмаларни ишлаб
чиқарувчи корхоналарни топиш ва ускуналарни танлаш билан боғлиқ масалалар ёритилди.
Шу нуқтаи назардан, маърузаларда қайта тикланадиган энергия манбалари турлари
ва ресурслари, улардан фойдаланишда қўлланиладиган технология ва ускуналар
ҳақида, хусусан бугунги кунда кенг кўламда қўллаш имконияти юқори бўлган қуёш
энергиясидан фойдаланиш ускуналари, биомассадан фойдаланиш технологиялари,
шамол энергиясидан фойдаланиш имонияти ҳамда замонавий асбоб-ускуна ва технологияларни
танлаш масалалари кенг ёритилди. Таъкидлаш жоизки, анъанавий ёқилғини тежаш
мақсадида қайта тикланувчи энергия ресурсларидан унумли фойдаланиш усулларини
амалиётга татбиқ этиш, экологик тоза энергия манбаларидан кенг фойдаланишни
амалга оширишни ривожлантириш учун биогазли қурилмалар қурилиши учун
мамлакатимизнинг салоҳиятли вилоятларидан бири сифатида эътироф этилди. Ҳозирги
пайтда Ўзбекистонда фаолият юритиб келаётган чорва фермаларида ва деҳқон-фермер хўжаликлардаги мавжуд қорамоллар,
парранда, чўчқа, қўй-эчкилар улардан бир йилда ҳосил бўлаётган чиқиндиларининг
ҳажми 100 млн. м3 ни ташкил этиши, ушбу кўрсаткич республикамизда биогаз
энергетикасини ривожлантириш имкониятлари юқори эканлигини ва уларнинг йилига
потенциал имконияти 8,9 млрд м3 ҳажмда биогаз олишни таъминлаши ҳақида маълумот
берилди. Бу эса Республикани энергетик ресурсларга бўлган эҳтиёжини 10% қоплаши
имконияти мавжудлиги тушунтириб ўтилди. Биогаз қурилма чорвачилик ҳамда
паррандачилик фермер хўжаликлари фаолиятини ривожлантириш, иссиқлик энергияси,
электр энергияси олиш, аҳоли хонадонларининг электр энергиясига бўлган
эҳтиёжини қоплаш имкониятига эга бўлишини, бундан ташқари юқори сифатли минерал
ўғитларни олиш билан қишлоқ хўжалиги экинларининг ҳосилдорлигини ошириш имкониятига
эга бўлиши тингловчиларга ўргатилди. Электр энергиясини узатиш тармоқларидан
узоқ масофада амалга ошириладиган, электр энергиясисиз бажариб бўлмайдиган
суғориш усуллари ва технологиялари энергия таъминотида муқобил энергетика
турини қўллашни тақозо этади. Айниқса, чорвачилик ва паррандачилик, мева,
узумчилик ҳамда полиз ва сабзавотчиликка ихтисослашган фермер хўжаликларининг
электр энергияси истеъмоли билан боғлиқ сув кўтариш ва суғориш тизимларида
энергия таъминотини ечими ўта муҳим ҳисобланади. Ушбу муаммони ҳал қилишда
тежамкор агротехникалардан, суғориш тизимлари ва воситаларидан фойдаланишга
алоҳида эътибор бериш лозимлиги таъкидланди. Бу ўз навбатида қуёш энергияси
ёрдамида қудуқлардан сув чиқариш технологияси тингловчиларда катта қизиқиш ўйғотди.
Ўқув семинари иштирокчиларига биогаз қурилмалари, қуёш энергияси ёрдамида сувни
иситиш коллекторлари, қуёш энергияси ёрдамида қудуқлардан сув чиқариш тизимлари
ва энергия тежамкор суғориш насослари бўйича етказиб берувчи ташкилотлар ҳақида
тўлиқ маълумот берди ва уларни харид қилишда нималарга эътибор берилиши ҳақида
тушунчалар берилди.
18 01 2021 / 12:32