Ўзбекистон Либерал-демократик партияси қошидаги Ўзбекистон Тадбиркорлик ва фермерликни қўллаб-қувватлаш маркази Ўзбекистон
Нодавлат нотижорат ташкилотлари Миллий Ассоциацияси Жамоат фонди эълон қилган “Ёшлар лойиҳаларини
қўллаб-қувватлаш” йўналишидаги “Ўқувчи-талабалар ва ёш
тадбиркорларда бизнесни юритиш ҳамда лойиҳа иши бўйича кўникмаларни
шакллантириш” мавзуси бўйича танлов
ғолиби сифатида «Мен ҳам тадбиркор бўламан» лойиҳасини амалга оширмоқда.
Лойиҳанинг
мақсади: Республикамиздаги ўқувчи-талабалар ва ёш тадбиркорларни бизнес юритишга
ўргатиш, мазкур соҳада билим ва малакаларини ошириш ҳамда уларнинг бизнес
ташаббуслари, ғоялари ва лойиҳаларини амалга оширишга кўмаклашиш, банд бўлмаган
ишсиз ёшларни фойдали меҳнат фаолиятига ўргатиш, бандлигини таъминлашга
кўмаклашишдан иборат. 2022 йилнинг октябрь ойигача давом этадиган мазкур лойиҳа
орқали янги тадбиркорлик субъектларини барпо этиш ва қўшимча иш ўринларини
яратиш, хусусий тадбиркорликни янада жадаллаштириш орқали юртимизда миллий
бизнес ва ялпи миллий маҳсулотнинг ўсиши, аҳолининг турмуш даражаси ва унинг
яшаш тарзи сифатини таъминлашга ҳисса қўшиш, ўрта махсус, касб-ҳунар ва олий таълим
муассасаларининг тадбиркорлик фаолиятига қизиқадиган ишбилармон
ўқувчи-талабаларини тадбиркорлик фаолиятига оид маълумотлар билан таъминлашга
кўмаклашиш, ёш, ишбилармон тадбиркорларнинг моддий манфаатдорлигини ошириш
орқали ҳудудларда фаровон мулкдор оилани барпо этиш, жойларда оилавий бизнесни
ташкил этган ва оилавий бизнес фаолиятини бошламоқчи бўлган ёш оилаларни
қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш орқали аҳоли фаровонлигига эришишга
кўмаклашилади. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда халқ депутатлари билан
жойларда ёшларнинг тадбиркорликка оид муаммоларини ўрганиш мақсадида учрашувлар
ташкил этилади ҳамда мавжуд муаммолар ҳамда уларнинг ҳал қилиниши юзасидан
юқори ташкилотларга таклифлар киритиб борилади.
Лойиҳа доирасида Республикамизнинг барча
вилоятларидаги 1500 га яқин иштирокчи қамраб олинади, уларнинг бизнесни ташкил этиш
ва юритиш бўйича билим ва малакаси ўқув семинарларида оширилади ва натижада турли
шаклдаги тадбиркорлик субъектлари ташкил топади, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари
ва олий таълимни тугатаётган ёшлар иш ўринлари билан таъминланиши кутилади.
Лойиҳанинг асосий ҳамкорлари - Тадбиркорлар
ва ишбилармонлар ҳаракати Ўзбекистон Либерал-демократик партияси (OʻzLiDeP), Ўзбекистон
Савдо-саноат палатаси, Ўзбекистон
Давлат Солиқ қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим
вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги
ҳамда Ўзбекистон Республикасидаги ваколатли тижорат банклари – Микрокредитбанк АТБ, Халқбанки АТБ, Агробанк АТБ, Қишлоққурилишбанк АТБ ҳисобланади.
Лойиҳанинг иштирокчилари – Республикамизнинг барча вилоятларидаги
ўқувчи-талабалар ва меҳнат билан вақтинча банд
бўлмаган ёшлар, олий ва ўрта махсус таълим муассасалари битирувчиларидан иборат.
Лойиҳани
амалга ошириш жараёнида Республикамиздаги
коллеж, олий ўқув юртларидаги хусусий бизнес ва тадбиркорликка қизиқувчи
ўқувчи-талабалар ва иш билан банд
бўлмаган ёш тадбиркорлар бизнес юритишга
ўқитилади, улар учун семинар-тренинг, маҳорат дарслари каби машғулотлар
ташкиллаштирилади. Мазкур лойиҳа бўйича режалаштирилаётган ўқув
машғулотларига таниқли экспертлар, мутахассислар, тегишли вазирлик ва
идораларнинг масъул ходимлари, нуфузли олий таълим, илмий-тадқиқот муассасалари
олим ва ўқитувчилари, бизнесменлар таклиф этилади. Шунингдек, лойиҳани амалга ошириш мобайнида бу ўқув семинарларига Республикамизнинг
шаҳар ва туманларида яшаётган кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож,
эҳтиёжманд йигит-қизлар кўпроқ жалб этилади, уларни касб-ҳунарга йўналтириш,
қўлида ҳунари бор ёшларни тадбиркорликка жалб этиш, шу орқали уларнинг
бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилади.
Лойиҳа якунида иштирокчиларнинг саралаб олинган энг яхши бизнес режалари
тақдимоти ўтказилади ва банклар фаолият
йўналишларига мос ва ғолиб деб топилган бизнес-режаларни келгусида кредитлаш
юзасидан танлаб олади.
03 03 2022 / 11:38