Водий
ёшлари учун ўқув семинарлари ўтказилди
Ўзбекистон Тадбиркорлик ва
фермерликни қўллаб-қувватлаш маркази томонидан жорий йилнинг 6-8 апрель кунлари
Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотларини
қўллаб-қувватлаш Жамоат фондининг “Ўқувчи-талабалар
ва ёш тадбиркорларда бизнесни юритиш ҳамда лойиҳа иши бўйича кўникмаларни
шакллантириш” мақсадини назарда
тутган ”Мен ҳам тадбиркор бўламан” лойиҳаси бўйича навбатдаги ҳудудий ўқув
семинарлари Фарғона, Андижон ва Наманган
вилоятларидаги ўқувчи-талабалар ва ёш тадбиркорларни бизнес юритишга ўргатиш,
мазкур соҳада билим ва малакаларини ошириш ҳамда уларнинг бизнес ташаббуслари,
ғоялари ва лойиҳаларини амалга оширишга кўмаклашиш, банд бўлмаган ишсиз ёшларни
фойдали меҳнат фаолиятига ўргатиш мақсадида ўтказилди.
Дастлаб ЎзТФҚМ эксперти ТДИУ доценти, модератор Акмал
Алиев ташкил этилаётган ўқув машғулотларидан мақсад-ёшларнинг тадбиркорлик ва
фермерлик фаолиятига қизиқишини янада кучайтириш, олий ва ўрта махсус таълим
муассасаларидаги ўқувчи-талабаларни ишбилармонликка ўргатиш, банд бўлмаган
ишсиз ёшларни фойдали меҳнат фаолиятига ўргатиш эканлиги ҳақида гапирган
бўлса, Олий мажлис қонунчилик
палатаси депутати Ботир Мардаев Ўзбекистон
Республикасида бизнесни қўллаб-қувватлаш, тадбиркорлик ва хусусий мулкни ҳимоя
қилиш бўйича қабул қилинган муҳим қонунлар ва қонуности меъёрий-ҳуқуқий
ҳужжатлар ҳақида қизиқарли маъруза қилди.
Шунингдек, семинарга ташриф
буюрган Савдо-саноат палатасидан Д.Қаландаров тадбиркорлик фаолияти ва унинг ижтимоий-иқтисодий
аҳамияти, тадбиркорлик субъектларининг қандай ташкил этилиши, бизнес-режалар
ҳақида, Солиқ қўмитасидан Р.Қўзиев тадбиркорлик субъектларига давлат томонидан
бериладиган имтиёзли солиқ ва преференциялар, Республика Микрокредитбанк,
Халқ банки, Агробанк, Қишлоққурилиш тижорат банклари мутахассислари З.Исакова,
Ж.Эшонқулов, Х.Тошев, Р.Машариповалар тадбиркорлик
фаолиятини молиялаштириш, субсидия ва кредитлар, имтиёзли кредитлар, кредит
ҳужжатларини расмийлаштириш ва ссудани қайтариш тартиблари ҳақида батафсил
маълумотлар бердилар.
Жумладан, Инновацион ривожланиш вазирлиги бош
мутахассиси С.Назировнинг ёшлар тадбиркорлигида инновациянинг ўрни, стартаплар,
уларни амалга ошириш йўллари ҳақидаги презентацияси ёшларни тадбиркорликка
бўлган иштиёқларини янада оширди. Айниқса, бугунги кунда тадбиркорликда муносиб
ўринга эга бўлган, эл орасида танилиб, депутатликкача кўтарилган “Cleanliness Sources” корхонаси бош директор
ўринбосари А.Тулягановнинг ўз тажрибалари билан ўртоқлашиши ҳамда Ўзбекистон
Тадбиркорлик ва фермерликни қўллаб-қувватлаш маркази Тошкент шаҳар бўлинмаси
директори, риэлторлар кенгаши раиси Б.Насруллаевнинг бизнес бошлаш ва юритишдаги
илк қадамлари ҳамда эришган натижалари ҳақидаги фикр-мулоҳазалари ёшларда катта қизиқиш уйғотди. ПГС хусусий корхона
таъсисчиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Фахрий депутати П.Свешников, “GREAT
EVENT MEDIA” корхонаси раҳбари Г.Раджабоваларнинг бизнесдаги амалий
кўникмаларини ўртоқлашиши ёшларга жуда маъқул келди. Уч кун давом этган
семинарда ўқувчи-талабалар ва иш билан банд бўлмаган ёшлар ўзларини қизиқтирган
саволларга батафсил жавоблар олдилар.
М.Ярмуҳамедова
Ўзбекистон
Тадбиркорлик ва фермерликни қўллаб-қувватлаш маркази
Лойиҳа
раҳбари
12 04 2022 / 16:32