Loading...
O’zbekcha Русский O’zb Рус

Бошланғич партия ташкилотлари ўқуви – долзарб вазифа



Улашинг :



Сиёсий партияларнинг аҳоли қатламлари орасида ўз ишини муваффақиятли ташкил қилишида бошланғич партия ташкилотлари алоҳида ўрин тутади. Айнан мана шу тузилма Ўзбекистонда фаолият юритаётган сиёсий партиялар, шу жумладан ЎзЛиДеП учун аҳоли билан бевосита иш олиб боришда бош ўринни тутиши билан характерланади.

ЎзЛиДеП бошланғич ташкилотлари сифат таҳлилида ҳар бир сиёсий партия қатори - авваламбор ўз ижтимоий базаси деб билган аҳоли қатламлари орасида ўз бошланғич бўғинларини очишга ҳаракат қилаётганлигини кўришимиз мумкин.

БПТлар сонининг ўсиши улар томонидан қамраб олинган аъзолар сонининг ўсиш жараёни билан бирга борганлигини кўришимиз мумкин. Ҳозирги вақтда ЎзЛиДеП аъзолари сони 1,112 млн нафарга етган ва партия аъзолари қамрови бўйича республикадаги энг йирик партияга айланган.

Жорий йил 15 апрель ҳолатига 13 506 та БПТда ҳисобот-сайлов йиғилишлари ўтказилиб, уларда 603 657 нафар партия фаоллари иштирок этди. 1 336 та БПТ фаолияти танқидий баҳоланди ва янги раислар сайланди. 12 170 та қуйи бўғинда ўз фаолияти билан йил давомида ўрнак-намуна кўрсатган раислар қайта сайланди.

Очиқ мулоқот тусини олган ҳисобот-сайлов йиғилишларининг 636 тасида Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP фракцияси аъзолари бевосита қатнашишди. Шунингдек, 6 732 та тадбирда Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгаши депутатлари иштирок этганини хам алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим.

Бугунги кунда партия томонидан бошланғич бўғинлар фаолиятини пухта ташкил этиш - партиянинг жамиятдаги мавқеини мустаҳкамлашда ҳал қилувчи омиллардан биридир.

“Тараққиёт сиёсий таълим маркази” O’zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия Қўмитаси Сиёсий таълим ва партиянинг депутатлик бирлашмалари билан ишлаш бўлими билан ҳамкорликда жорий йилнинг 31 май – 17 июнь кунлари оралиғида партиянинг бошланғич партия ташкилотлари раислари ҳамда мазкур йўналишга масъул бўлган тизим ходимлари учун ўқув семинарлари ташкил этилди.

Ўқувлар бошланғич партия ташкилотларининг фаолиятида ижодий ёндошувни, ижтимоий-сиёсий ва ташкилотчилик ишларининг замонавий усуллари ҳақида ва уларни амалиётда фаол қўллай олиш услублари хақида маъруза ва амалий тренинг шаклида масофадан ўтказилди.

Жумладан, “ЎзЛиДеПнинг дастурий мақсад ва вазифалари ҳамда уларни амалга оширишнинг ҳуқуқий асослари”, “Бошлангич партия ташкилотларининг сиёсий партия тузилмасида ва партия дастурий мақсадларини амалга ошириш ҳамда жамиятдаги мавқеини мустаҳкамлашда тутган ўрни”, “Партиялар фаолиятининг ҳуқуқий – меъёрий тартибга солиниши”, “ЎзЛиДеП БПТ “Хотин-қизларнинг сиёсий фаоллигини ошириш, уларнинг жамиятдаги роли ва мавқеини кучайтириш” борасидаги вазифалари”, “ЎзЛиДеП БПТда “Ёшларнинг сиёсий фаоллигини ошириш, жамиятдаги роли ва мавқеини кучайтириш” ҳамда улар билан самарали ишлаш механизмлари ва бошқа долзарб мавзуларда маърузалар ва муҳокамалар ташкил этилди.

Партия бошланғич ташкилотлари ўқувидан кўзланган асосий мақсадлардан бири бу - партия қурилиши, партиялардаги вазиятни тахлил қилиш, партиялар фаолиятининг мамлакат ижтимоий- сиёсий ҳаётига таъсир қилиш жараёнларини таҳлил қилиш баробарида ички партиявий ташкилий фаолиятга назар ташлашдир. Тингловчилар партия фаолияти самарадорлигини ошириш кўрсаткичларини аниқлай билиш, ташкилий партиявий ва тарғибот ташвиқот фаолият усул ва методларини билиш, сиёсий дастур ва низом ва бошқа хужжатларни мустақил таҳлил эта олиш , партия тадбирларида иштирок этиш ва уни тайёрлай олиш, партия иш юритувчиси каби кўникмаларига эга бўлиш малакасини ҳосил қилдилар.

Жаҳон тажрибасидан маълумки, партия ишини ташкил этиш бир қатор йўналишларни қамраб, уларнинг самарали амалга ошиши партиявий фаолиятнинг стратегиясини белгилаб беради.

Партия ташкилоти янги партия аъзолари билан тўлдирилмаган ва проффессионал тайёрланмаган фаолларга эга бўлмаса, заифлашади.

Шу туфайли таркибида қуйи партия ташкилотларига эга бўлган ҳолда аниқ кўзланган мақсад сари ҳаракат дастури асосида фаолият юритиш, сайлов кампанияларида фаол иштирок этиш, ҳокимият органлари вакилларига қонун доирасида ўз таъсирини ўтказиш, оммавий ахборот воситаларида партия фаолияти кенг ёритиш, халқ оммалари билан кенг мулоқотда бўлиш ва уларнинг муаммолари ечимини топишга кўмаклашиш партия обрў-эътиборини янада кенгайтириш учун муҳим аҳамиятга эга. Хусусан, сиёсий партияларнинг ҳукумат фаолиятига бевосита таъсир кўрсатиши, бошқарув органларини такомиллаштиришда ўз ғояларини жорий қилиш имконини берувчи воситалардан бири бу - қонун ташаббускорлиги институтидир.

Ҳудудлардаги сиёсий партияларнинг бўлимлари бир томондан республика партия ташкилотлари амалга ошираётган ишларнинг ҳудудлардаги давомчилари бўлса, иккинчи томондан халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари фаолиятида иштирок этиш орқали маҳаллий ҳокимият тизимини шакллантиришда ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Шу билан бир қаторда хорижий мутахассислар сўнгги йилларда Россия ва МДҲ нинг қатор давлатларидаги партия қурилишида қуйидаги омиллар, жумладан:

-оммавий партиялардан профессионал кадрли, хусусан, жойларда юксак даражада партия фаолларини тайёрлай оладиган инфраструктурага эга партияларга ўтиш тенденцияси сезилаётганлиги;

-сиёсий партиялар ўз мақсад ва вазифаларини амалга ошириш учун интернет технологиялардан фойдаланишга мажбурлигини қайд этишмоқда.

Бу омиллар, албатта, ЎзЛиДеП бошлангич партия ташкилотлари амалий фаолиятида ҳам ҳисобга олиниши жоиздир.

Сиёсий партиялар одамлар қалбида фуқаролик туйғусини кучайтиришга, жамият ва давлат тақдирига тақдирдош эканлигини чуқур англайдиган, ўзининг, оиласининг, фарзандларининг истиқболини шонли, шукуҳли Ватани, қудратли давлати тақдири билан боғлиқ ҳолда тушунадиган аҳоли қатламини кенгайтиришга хизмат қилмоғи лозим. Сиёсий савия, сиёсий онг ҳар бир фуқаро қалбини жунбушга келтириши, унинг иймонини уйғотиши, инсонлик шаъни билан боғлиқ бўлган, ўзини ўзи қадриятга айлантира оладиган мафкуравий иммунитетини, ички ҳис-туйғусини, инсоний инстинктини жонлантирмоғи лозим.

Бугун сиёсий партияларга ўзларининг парламентдаги вакиллари - фракциялар аъзолари орқали мамлакат Президенти томонидан тақдим этилган Бош вазир номзоди юзасидан ўз фикрини билдириш йўли билан Бош вазирни тайинлаш жараёнида иштирок этиш ҳуқуқи берилган. Амалдаги қонунда сиёсий партиялар фракциялари ва депутатлар гуруҳларининг Ҳукумат аъзоларининг улар фаолиятига оид масалалар юзасидан ахборотларини Қонунчилик палатаси мажлисларида эшитиш ташаббуси билан чиқиш ҳукуқи алоҳида айтиб ўтилган. Ана шу ваколатларнинг амалга оширилиши сиёсий партияларга ҳукуматнинг ҳар бир аъзоси ишига тегишли баҳо беришдан ташқари, умуман, ҳукумат иши самарадорлиги ҳақида хулоса чиқариш имконини ҳам беради.

Сиёсий партиялар нодавлат ташкилоти сифатида фуқароларнинг сиёсий эҳтиёжини қондирадиган, сиёсий манфаатларини ҳимоя қиладиган ва айни пайтда жамиятда сиёсий қарашлар тизимининг мустаҳкамланишига хизмат қиладиган уюшмадир. Шунингдек, улар жамиятда сиёсий тафаккурнинг шаклланишига, фуқаролар сиёсий фаоллигининг оширилишига, уларнинг давлат ва ҳокимият органлари тизимининг шаклланишига муносиб ҳисса қўшишади. Натижада сиёсий элитанинг – жамиятнинг сиёсий фаол қатламининг кенгайишига олиб келади.

Эндиликда партиялараро рақобат ғоялар хилма-хиллигига, мафкуралар қарама-қаршилигига, умумий мақсадлар ва манфаатлар атрофида турлича хулосаларга эга бўлишга имкон яратади. Буни биргина сайловлар тизимида яққол кўриш мумкин. Айни ана шу сиёсий кампания жараёнида давлат ҳокимияти ва вакиллик органларига муносиб номзодни танлаб, сайлаш сингари демократик қадрият юзага келади. Ана шу тарзда парламент ҳокимиятини шакллантиришда сиёсий партиялар ва жамоат бирлашмаларининг таклиф ва истакларини инобатга олиш каби соф инсонпарвар турмуш тарзи қарор топади.

Демак, давлат - кўп партиявийлик асосида шаклланадиган мафкуралар хилма-хиллиги ва ғоялар қарама-қаршилигидан манфаатдор.

Ўқув жараёнларига таниқли сиёсатшунослар, олимлар ва тажрибали амалиётчилар, партия Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ходимлари, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари жалб этилди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Қўмита раислари Ш.Г.Бафоев, М.И.Ходжаева, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, ЎзЛиДеП фракцияси аъзолари А.Х.Шодмонов, З.Р.Худойбердиев, Т.П.Каримов, Ш.Б.Холмахматова, М.Х.Баратова, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзЛиДеП Сиёсий кенгаши Ижроия қўмитаси раиси ўринбосари С.М.Ғиёсов,ЎзЛиДеП Сиёсий кенгаши Ижроия қўмитаси раисининг мафкуравий ва тарғибот-ташвиқот ишлари бўйича ўринбосари,”Юксалиш” умуммиллий ҳаракати Тошкент шаҳар бўлинмаси раҳбари Д.Ш.Шоумаров, Ўзбекистон файласуфлари жамияти раиси, ТИҚХММИ профессори Қ.Н.Назаров, Барқарор ривожланиш маркази масъул ходими, эксперт М.Л.Ельшов, ЎзДЖТУ сиёсий фанлар номзодлари, доцентлар Д.С.Муитов, С.Ш.Саидов, XXI аср ижтимоий-сиёсий газетаси редактори Н.Қ.Жалиловлар шулар жумласидандир.

Султонмурод Михриддинов,

“Тараққиёт Сиёсий таълим маркази” координатори


Бошланғич партия ташкилотлари ўқуви – долзарб вазифа 
Бошланғич партия ташкилотлари ўқуви – долзарб вазифа 
Бошланғич партия ташкилотлари ўқуви – долзарб вазифа 
Бошланғич партия ташкилотлари ўқуви – долзарб вазифа 
Бошланғич партия ташкилотлари ўқуви – долзарб вазифа 
Бошланғич партия ташкилотлари ўқуви – долзарб вазифа 
Бошланғич партия ташкилотлари ўқуви – долзарб вазифа 
Бошланғич партия ташкилотлари ўқуви – долзарб вазифа 
Бошланғич партия ташкилотлари ўқуви – долзарб вазифа 



20 06 2022 / 16:01